29/06/2017

Xiaomi Mi Ninebot Plus – ақлли гироскутер

Ҳар йили ўтказиладиган Mi Ecosystem тақдимоти доирасида Хитойнинг Xiaomi компанияси бир қатор замонавий технологиялар билан жиҳозланган Mi Ninebot Plus гироскутерини намойиш қилди.

4PDA сайтининг маълум қилишича, гироскутер машинавий ўрганиш технологияси асосида тезлик, баланс, тўхташ ва бошқа шу каби ҳаракат параметрларини ҳисобга олади ва ҳайдовчининг одатларига вақт ўтган сари мослашиб бораверади.

Mi Ninebot Plus 800 Вт қувватга эга мотор билан кучайтирилган, унинг платформаси 100 килограммгача вазнга эга бўлган одамларни кўтариши мумкин. У IP54 стандарти бўйича сув ва чангдан ҳимояланган, батарея қуввати – 329 Вт*с бўлиб, тахминан 35 км масофа босишга етади.
Гироскутерни дистанцион пульт ёрдамида бошқариш мумкин, шунингдек, унга Mi Ninebot Plus Camera номли камера-гаджетни ўрнатиб, аниқлик даражаси 1080p бўлган видеоларни суратга олса бўлади.

Mi Ninebot Plus 11 июль куни Хитойда 514 доллар нархида сотувга чиқиши маълум қилинган.
Made on
Tilda