22/09/2017

Хакерлар ҳужумидан ҳимояланган Россиянинг Тайгафон смартфонига оид суратлар пайдо бўлди

Бундан тахминан икки йил илгари Россияда кучли дастурий ҳимоя тизимига эга TaigaPhone номли смартфон яратилаётгани ҳақида айрим миш-мишлар тарқалган эди. Мана, орадан маълум вақт ўтиб Наталия Касперскийнинг InfoWatch компанияси ушбу смартфонни тақдимотга тайёрламоқда, деб ёзмоқда Gagadget.

Ҳозирча смартфоннинг фақат олд панелига тегишли суратлар мавжуд. У 5 дюймли HD экран, 2 ГБ оператив ва 16 ГБ доимий хотира билан жиҳозланади. Камералар аниқлиги 8 ва 4 МП. Батарея сиғими 1900 мА/с. Бироқ ҳозирча процессор турига аниқлик киритилмаган.

InfoWatch қурилма дастурини ҳимоялаш мақсадида Android платформасида DLP тизимидан фойдаланиб ўз прошивкасини яратган. Ушбу тизим қурилма дастурида махфийлик қоидаларини таъбга мос қилиб ўрнатиш имкониятини беради (мисол учун камеранинг суртага олишини таъқиқлаш).

ТайгаФон тахминан 210-260 доллар атрофида сотувга чиқарилиши маълум қилинган.
Made on
Tilda