05/09/2017

Ўзбекистон мобил алоқа операторлари 5 сентябрдан тарифларни сўмда кўрсатишга ўтадилар

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида 4 сентябрь куни мамлакатдаги барча мобил алоқа операторлари ва интернет-провайдерлари раҳбарлари иштирокида тариф сиёсатини тартибга солиш бўйича бирламчи вазифалар муҳокамасига бағишланган учрашув бўлиб ўтди, деб ёзмоқда Daryo нашри.

Аввал хабар берилганидек, учрашувда телекоммуникация хизматларини сўмли тарифга ўтказишда абонентларга зарар етмаслигини таъминлаш, жумладан, абонентларга кўрсатилаётган хизматларга белгиланган бугунги нархларни оширмаслик масаласи кўтарилган.

Учрашувда қабул қилинган қарорга мувофиқ, 5 сентябридан барча телекоммуникация хизматлари учун тарифлар миллий валютада — сўмда белгиланади. Ҳозирда Ucell, UMS ва Beeline мобил алоқа операторлари ўз сайтларида кўрсатган хабарларда 1 АҚШ доллари 4210,35 сўмга тенг, яъни тарифларнинг сўмдаги нархлари абонентларга қулайлик туғбириш мақсадида оширилмаган. Ушбу ҳолат операторлар биллинг тизимларини бутунлай сўмли тарификациясига ўтказгунча давом этади.

Айни вақтда, операторларнинг эътибори Президент фармонида белгиланган вазифаларни сўзсиз бажаришга қаратилди. Фармонда, жумладан, товарлар, иш ва хизмат учун нархлар ва тарифлар фақат миллий валютада белгиланиши кўрсатилган.

«Барча операторларга 5 сентябрдан бошлаб хизматлар учун барча тарифларни ўзларининг сайтлари ва оммавий ахборот воситаларида миллий валютада кўрсатиш вазифаси юклатилди», — дейилади вазирлик ахборотида.
Made on
Tilda