10/09/2017

Тўқимадаги саратонни 10 сонияда аниқлайдиган тиббиёт стилуси ихтиро қилинди

Инсон баданини саратон ўсимтасидан халос қилиш ҳар доим бир қатор хавфлар билан кечадиган ҳолат. Диагностика усуллари ва тиббиёт ускуналаридаги номукаммаллик, шунингдек, шифокор томонидан содир этиладиган хатолар беморнинг саломатлиги учун салбий таъсир этиши мумкин.

Тиббиётдаги диагностика соҳасига ҳисса қўшиш мақсадида АҚШнинг Техас университети олимлари MacSpec стилусини ихтиро қилишди. Оддий фломастердан сал каттароқ бўлган мазкур қурилма саратон билан касалланган тўқимани тезкорлик билан аниқлаш хусусиятига эга.

Қурилмадаги сув томчиси текширилаётган тўқима юзасига юборилади, сув эса тўқимадан молекулаларни ўзига сингдиради, шундан кейин портатив масс-спектрометр молекулани таҳлил қилиб, анализ натижасини кўрсатади, деб ёзмоқда 3D News.

MacSpec ҳозиргача 253 хил инсон тўқимасини синовдан ўтказган. Бунга параллел равишда саратон ўсимтаси мавжуд сичқонларда ҳам тадқиқотлар амалга оширилган ва қурилма 96% аниқлик билан натижаларни тақдим қилган. Айни пайтда олимлар ушбу ихтирони такомиллаштириш билан шуғулланишмоқда.
Made on
Tilda