28/09/2017

Тошкентда мобил технологияларга доир Халқаро Mobicon 2017 конференцияси бўлиб ўтди

Кеча, 27 сентябрь санасида Тошкентдаги шинам International меҳмонхонасида Халқаро Mobicon 2017 конференцияси ўтказилди. Фақат замонавий мобил технологиялар ҳақида ҳикоя қилувчи мазкур конференцияда анъанага кўра халқаро ва маҳаллий мутахассислар нутқ сўзлаб, соҳадаги долзарб масалаларни кўтарадилар.

Ўзбекистоннинг Ledokol Group компанияси томонидан иккинчи маротаба ташкил этилган бу конференцияда мобил технологияларга бефарқ бўлмаган барча инсонлар иштирок этиб, мутахассисларнинг маърузаларини тинглашлари мумкин.
Бу йил Mobicon 2017 конференциясида Google, Яндекс, Одноклассники, Қозоғистон интернет бизнеси ва мобил тижорат Ассоциацияси, Белоруссиянинг UFOX компанияси вакиллари, Select Communication Group ижрочи директори, шу билан бирга, Ўзбекистонлик бир қатор илғор экспертлар (Click, GO.UZ, In Da House, AFRICAва бошқалар) ўз маърузаларини қатнашчилар билан ўртоқлашдилар.

Бу галги конференцияга жами минг нафардан ортиқ меҳмонлар ташриф буюришди, 25 нафар спикерлар нутқ сўзладилар. IT-ечимлар, интернет-маркетинг ва стартаплар, ижтимоий тармоқ аудиториясини мобил тижорат сервислари орқали монетизация қилиш, Digital даврида туризм, ижтимоий тармоқларда маркетинг, вирусли видео роликларни яратиш ва шу каби бошқа йўналишлар Mobicon 2017 конференциясининг асосий мавзулари қаторидан ўрин олди.
Жумладан, конференцияда IT-мутахассислар жамоасини шакллантириш ва ривожлантириш борасида маъруза қилган Google компанияси вакили Абдулла Айдин шундай деди: "Мен Ўзбекистонда чамаси 15 йиллар олдин бўлганман. Кўп нарса эндиликда ижобий томонга ўзгариб, ривожланаётганин гувоҳи бўлдим. Ахборот технологиялари соҳасида бўлаётган ўзгаришлар туфайли мамлакатга Google сингари йирик компаниялар инвестиция киритиши шубҳасиз. Ўзбекистон – улкан имкониятларга эга давлат ва унда барча соҳалар, шу жумладан, ахборот технологиялар йўналишини ҳам ривожлантириш учун барча шароитлар мавжуд".


Маанба: Podrobno.uz
Made on
Tilda