31/08/2017

Тошкент автобусларида йўлкирани нақд пулсиз тўлаш тизими қандай ишлайди

Йўл ҳақи тўловини автоматлашган тизим орқали амалга ошириш лойиҳаси қандай ишлаши ҳақида ANOR тўлов тизимининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида видеоролик жойлаштирилди.

Sputnik нашрининг ёзишича, Troll.uz томонидан тайёрланган видеороликда ушбу тизимнинг ишлаш тарзи, ҳайдовчи ва йўловчилар учун қулайлиги ҳақида маълумот берилган.

Мазкур тизимнинг йўловчилар учун асосий жиҳатлари бу йўл ҳақини тўлашдаги қулайлик, вақтни тежаш ва транспорт хизматлари сифатини оширишдир.

Йўловчиларга икки турдаги транспорт карталари таклиф этилади: қоғоз шаклидаги бир марта кодланадиган карталар (бир марталик билет) ва пластик шаклидаги кўп марта фойдаланиладиган карталар. Талабалар, ўқувчилар, пенсионерлар ва ҳарбийлар учун тўлдириладиган имтиёзли йўловчи билетлари мос равишда ўқиш, яшаш ва хизмат жойида берилади.

Транспорт карталарини Тошкент шаҳридаги 2 мингдан ортиқ савдо нуқталарида, хусусан, метро кассаларида, "Тошшаҳарйўловчитранс" АЖ билет сотиш пунктларида, почта бўлимлари, газета дўконлари ва ANOR тармоғи орқали сотиш режалаштирилмоқда.

ANOR тўлов тизимининг яна бир хусусияти мобил NFC билет — мобил телефондаги транспорт картасининг ишлаб чиқилганлиги. Махсус мобил илова масофадан туриб транспорт картасини тўлдириш, товар ва хизматлар учун ҳақ тўлаш, шахсий кабинетдан фойдаланиш имконини беради ҳамда картадаги маълумотлар хавфсизлигини кафолатлайди.

ANOR автоматлашган тўлов тизими лойиҳаси тегишли вазирлик ва муассасаларга тақдим этилди ва ҳозирда уни амалиётга жорий этиш бўйича қарор қабул қилиниши кутилмоқда.
Made on
Tilda