21/06/2017

Бир зарядда қарийб 902 км масофа - Tesla ишқибозларидан янги рекорд

Бельгияда истиқомат қиладиган икки нафар Tesla ишқибози Model S автомобилини бир марта зарядлаб, унда қарийб 902 км масофа босишга муваффақ бўлишди. Мазкур рекорд учун ҳайдовчилар 23 соату 45 дақиқа вақт сарфлашган.

Бундай рекордлар, одатда, тўлиқ қуйилган ёнилғи ёки зарядланган батарея ҳолатида автомобилни қанча йўл босишини текшириш учун ўтказилади. Гарчи бундай усул автомобилнинг ёнилғи сарфини белгилашда юз фоиз аниқ индикатор бўлмаса-да, уловни ҳайдаш одатлари мазкур кўрсаткичга қай даражада таъсир қилишини билишда ёрдам беради.
The Verge нашрининг ёзишича, ушбу моделга оид бундай рекорд 2015 йилда Кеси Спенсер томонидан ўрнатилган эди. Ўшанда у бир зарядда Model S 85D машинасида қарийб 884 км масофа босган эди. Спенсер автомобилни соатига ўртача 36 км тезликда бошқарган, бельгиялик ҳайдовчиларда эса бу кўрсаткич соатига ўртача 40 километрни ташкил қилади.

Tesla раҳбари Илон Маск кеча Твиттер тармоғида қолдирган хабарида Model S P100D тўғри шиналар танланганда 1000 километрдан ортиқ масофа босиши мумкинлигини билдириб ўтган.
Made on
Tilda