09/08/2017

Telegram сайтлар адаптацияси учун 251 664 доллар тўлайди

Telegram ташқи сайтларни тезкорлик билан очишга имконият берадиган Instant View функциясига мўлжалланган шаблонларни яратишга доир танлов якунларини эълон қилди. Танлов иштирокчилари 2274 та сайтни қайташ ишлашди, деб ёзмоқда VC нашри.

Ҳар битта маъқулланган шаблон учун муаллифга 100 доллардан мукофот тўланган. Барча иштирокчиларнинг рўйхати Telegram сайтида келтирилган. Компания мукофот пулларини август ойининг охиригача тўлашга ваъда берган.

Тез орада Telegram мазкур танловнинг иккинчи қисмини бошлашни режалаштирган. Бундан ташқари, танловда олинган маълумот асосида мессенжер асосчилари платформа ишини ҳам такомиллаштиришмоқчи.

Instant View платформаси 2016 йилнинг ноябрь ойида ишга туширилган. Ушбу платформада очиладиган сайтлар ҳаволаси Instant View тугмачаси билан белгиланади ва унга босганда сайтдаги контент мессенжер ичида тезда очилади. Бу эса ўз навбатида ўқувчига қўшимча қулайлик яратади.
Made on
Tilda