19/07/2017

"Ўзбектелеком" Тошкент метрополитенида интернет ва телефон хизматини ишга туширади

"Ўзбектелеком" АК метрополитенда интернет тармоғи ва телефон хизматидан фойдаланишни йўлга қўяди. Айни дамда мазкур масала юзасидан тегишли чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Бу ҳақида "Ўзбектелеком" АК томонидан ОАВ учун ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, деб ёзмоқда Kun.uz нашри.

"Бизга маълумки, метрополитен стратегик объектлар тоифасига киради. Айни дамда метрополитенда интернет ҳамда телефон тармоғи қамровини амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирда бу лойиҳанинг инвестицион, молиявий ҳамда технологик масалалари бошқа давлат идоралари билан ҳамкорликда кўриб чиқилмоқда", дея таъкидлади "Ўзбектелеком" АК тижорат директори Евгений Вишневский.

Бироқ метрополитенда интернет қачон пайдо бўлиши номаълумлигича қолди. Бу борада "Ўзбектелеком" АК бош директори Шуҳрат Қодиров ўз фикрларини айтиб ўтди.

"Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун тегишли идора вакиллари билан қатор келишувлар, музокаралар олиб бориш зарур. Биз ҳозирда айнан шу босқичдамиз. Ўзаро келишувлар ва битимлар тузилиб, аниқ муддат белгилангач, биз албатта, бу ҳақда ОАВ орқали эълон қиламиз", деди Шуҳрат Қодиров.

Маълумот ўрнида: "Ўзбектелеком" АК - ўз тармоғи билан Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларини қамраб олган йирик телекоммуникациялар операторидир. Компания ўз хизматларини айни дамда UZTELEСOM™, UZMOBILE™, UZONLINE™, TELECOM TV™ ва UZ CLOUD™ савдо белгилари остида тақдим этади.
Made on
Tilda