23/08/2017

Тадқиқот: экранни алмаштириш орқали смартфонлар ҳимоясини бузиб кириш йўли аниқланди

Исроиллик тадқиқотчилар смартфон экрани алмаштирилгандан кейин унинг эгасини қандай кузатиш мумкинлиги ҳақида гапириб бердилар, деб ёзмоқда Gagadget нашри.

Мазкур янги киберҳужум турига chip-in-the-middle номи берилган. Бунинг учун смартфонга Adruino платформасидаги ташқи қурилмадан буйруқларни қабул қиладиган микрочик ўрнатилади. Шундан кейин смартфонга яширин равишда бузғунчи дастур ўрнатилади ва камера, пароль, ёзишмалар ва локацияга оид маълумотларни қўлга киритиш мумкин бўлади.

Тадқиқотчиларнинг маълум қилишича, юқоридаги амалларни бажариш учун 10 доллар қийматидаги техника талаб этилади, холос. Энг қизиғи, ҳатто техник мутахассислар ҳам экранга бегона микрочип ўрнатилганини аниқлай олишмаган. Чипни фақат телефонни бўлакларга ажратибгина аниқлаш имконияти мавжуд. Бироқ телефон очилмаса ва таъмирлаш пайтида эҳтиёт чоралари кўрилса бундай хавфни буткул бартараф этса бўлади.
Made on
Tilda