14/11/2017

Samsung Хитой бозорида ўз позициясини йўқотишда давом этмоқда

Samsung компаниясига тегишли маҳсулотлар борган сари Хитой бозорида ўз позициясини йўқотиб бормоқда, деб ёзмоқда The Investor нашри.

Агар ўтган чорак натижалари бўйича Жанубий Корея компанияси Хитой бозорига маҳсулот етказиб берадиган компаниялар рейтингида умумий 2 фоиз улуш билан 9 ўринни банд этган бўлса, Strategy Analytics прогнозларига кўра мазкур чоракда бу улуш 1,6 фоизгача камайиши кутилмоқда.

Энг қизиғи, бундан бор-йўғи бир неча йиллар аввал Samsung компаниясининг Хитой бозоридаги улуши 20%ни ташкил қилар эди. Вақт ўтган сари Хитойнинг Huawei, Xiaomi, Oppo ва Vivo сингари миллий корпорациялари мазкур бозорда ўз мавқеларини мустаҳкамладилар, бунинг натижасида эса Жанубий Корея компаниясининг бозордаги улуши оз муддат оралиғида 10 бараваргача камайди. Юқорида номи келтирилган хитойлик йирик компаниялар эса 66 фоиз бозор улушига эгалик қиладилар.

Шунга қарамай, Samsung смартфон етказиб бериш бўйича жаҳондаги етакчи компания номини сақлаб келмоқда (12 ой ичида 83,3 млн смартфон). Лекин бу ҳодиса узоқ давом этмаслигини бозор тенденциялари кўрсатмоқда.
Made on
Tilda