4 dekabr 18:46

Қозоғистон нега ўз сунъий йўлдошларини учириш учун “Роскосмос”ни эмас, АҚШнинг “SpaceX”ини танлади?

Want create site? Find Free WordPress Themes and plugins.

6 ноябрь куни “Интерфакс” “Қозоғистон иккита илмий-техник сунъий йўлдошини учириш учун Американинг “Falcon”ини танлади” дея хабар берди. “Turon24 Science” таҳлил гуруҳи нега Қозоғистон сунъий йўлдошларини орбитага чиқариш учун қўшни мамлакат, яъни шу йўналишдаги олдинги ҳамкори ва стратегик шериги – Россиянинг “Роскосмос”ини эмас, узоқдаги АҚШ компанияси – “SpaceX”ни танлаганини ўрганди. Таҳлилнинг баъзи тафсилотлари қисқартирилган ҳолда эътиборингизга ҳавола қилинмоқда.


Қозоғистоннинг қайсидир маънода кутилмаган қарори нимага муҳим?

“Бу қарор иқтисодий характерга эга”, – дейди Қозоғистон мудофаа ва аэрокосмик саноати вазирлигининг матбуот котиби Асет Нуркенов. Қозоқ расмийлари “SpaceX”нинг талабига кўра аниқ рақамлар берилмаслигини билдириб, “SpaceX”нинг “Falcon” системаси Россиянинг “Proton” ёки “Soyuz”и билан солиштирганда арзонга тушади демоқда. Аммо бир нечта омиллар борки, бу қарорнинг оддийгина иқтисодий сабаб билан изоҳланишига шубҳа билан қарашга мажбур қилади. Иқтисодий омилдан ташқари, бунга Қозоғистон ва Россия орасидаги сиёсий алоқалар динамикасининг ўзгараётгани сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари, хизматлар бозорида “SpaceX” ва Россия компаниялари ўртасида рақобат жуда кучайган. Шу омилларни қисқача таҳлил қилиб, масаланинг асл сабабини тушунишга ҳаракат қиламиз.

Қозоғистоннинг олдинги сунъий йўлдошлари

Қозоғистон ўзининг дастлабки иккита сунъий йўлдошини учириш учун Россия компаниялари хизматидан фойдаланган. Яъни, сунъий йўлдошни ясаш ва орбитага олиб чиқиш учун Россия билан ҳамкорлик қилган, аммо бу Қозоғистон учун қимматга тушган дейиш мумкин.

“KazSat-1″нинг тақдири

Биринчи сунъий йўлдош “KazSat-1″ни Россиянинг “Государственный космический научно-производственный центр имени Михаила Хруничева” компанияси ясаб берган ва у “Proton” ракетаси ёрдамида орбитага олиб чиқилган. Қозоғистонга 65 млн долларга тушган сунъий йўлдош 2006 йили учирилганидан кейин икки йил ўтиб буйруқларга жавоб бермаган ва фазовий чиқиндига айланган. Натижада бир-бирини айблаш ўйини бошланиб, масала сиёсий давраларгача етган. Айбни ҳеч ким тан олмагани туфайли “Алатау” суғурта компанияси Қозоғистонга суғурта пулини тўлашдан бош тортган. Икки-уч йиллик музокаралардан кейин Россия “KazSat-1” сунъий йўлдоши экспериментал лойиҳа бўлганини тан олганидан кейин суғурта компаниялари сарфланган 65 млн долларнинг 70 фоизини қайтариб берган.

“KazSat-2″нинг тақдири

Россиянинг космик хизматларни таклиф қиладиган компанияларидан қониқмаган Қозоғистон сиёсий қарор аллақачон қабул қилинганлиги туфайли яна Россия компаниялари билан ҳамкорлик қилишга мажбур бўлади. Қозоғистонга 115 млн долларга тушган иккинчи сунъий йўлдош “KazSat-2” 2011 йили учирилади. Аммо бир неча йил давомида Қозоғистоннинг телекоммуникация компаниялари бу сунъий йўлдош хизматларидан фойдаланмаган. Тахминан 12 йил ишлаши кутилаётган “KazSat-2″нинг охирги 5 йилдаги хизматлари сабабли тушган пул миқдори 27 млн долларни ташкил қилган (кетган харажатнинг тўртдан бир қисмига яқин).

Қайсидир маънода Россия компанияларининг техник параметрларидан қониқмаган Қозоғистон аста-секин бошқа ҳамкорлар излашни бошлаган. 2017 йилда “Al Farabi-1” сунъий йўлдошини Ҳиндистоннинг “PSLV-C37” системаси ёрдамида орбитага олиб чиққан. Қозоғистон ўзининг охирги иккита сунъий йўлдоши “KazSTSat” ва “KazSciSat-1″ни ясаш учун Буюк Британиянинг “Surrey Satellite Technology Ltd.” компанияси хизматидан фойдаланди ва улар АҚШ компанияси бўлган “SpaceX”нинг “Falcon-9” ракетаси ёрдамида орбитага олиб чиқилди. Келинг, энди Қозоғистон нега Россия компаниялари хизматидан бутунлай воз кечиб, “SpaceX”ни танлаганини кўриб чиқайлик.

Масаланинг иқтисодий жиҳати  

“Аstanatimes.com” нашри мудофаа ва аэрокосмик саноати вазири Беҳбут Атамқулов берган маълумотга асосланган ҳолда “Falcon” ёрдамида иккита сунъий йўлдошни учириш 1,3 млн АҚШ долларига тушади” дея хабар тарқатди. “Россиянинг “Днепр дастури” тугатилгани боис биз бошқа танлов қилишимизга тўғри келди, – дея қўшимча қилган вазир Атамқулов. – “SpaceX” иқтисодий жиҳатдан бизга арзонроққа тушиши маълум бўлди”.

Бу гаплар ҳақиқатга яқинми? “SpaceX” ростан ҳам охирги йилларда космик хизматлар бозорида етакчилардан ҳисобланади. Буни қуйидаги графикдан ҳам кўришингиз мумкин.

2012 йилдан кейин “SpaceX” нафақат Россиянинг “Proton” ва “Soyuz”, балки бошқа давлатларнинг элтувчи ракеталаридан ҳам анча олдинга чиқиб олди. “SpaceX” космик хизматлар бозорига нисбатан қисқа вақт ичида кириб келди ва одатда арзонроқ хизмат таклиф қиладиган “Роскосмос”га жиддий рақобатчига айланди. Россиянинг энг яқин стратегик шерикларидан бўлган Қозоғистон “SpaceX”ни танлагани бу фикрни тасдиқлайди. Бозор нархларини тушираётган “SpaceX” сунъий йўлдошнинг ҳар бир килограмми учун тахминан 2000 доллардан бошлаб нарх белгилаган. Россия таклиф қиладиган нархлар эса 7000 доллардан бошланади (расмга қаранг).

Вазир томонидан “SpaceX”нинг танланиши вазиятдан келиб чиққан иқтисодий ечим дейилиши дипломатик баёнотдир. Аммо “SpaceX” ва “Роскосмос” орасидаги ўзгача рақобат бу қарор фақатгина иқтисодий эмаслигини билдиради.

Масаланинг сиёсий жиҳати

Бир неча ҳафта олдин “Роскосмос” бошлиғи Дмитрий Рогозин “SpaceX” асосчиси Илон Маскни Россиянинг космик саноатини бозордан сиқиб чиқариш учун Пентагон билан ҳамкорлик қилаётганликда айблаганди. Унинг сўзларига кўра, Пентагондан ҳар бир сунъий йўлдошни учириш учун 150 млн АҚШ доллари олаётган “SpaceX” “Роскосмос”нинг мижозларини ўзига оғдириб олиб, “Роскосмос”ни бозордан сиқиб чиқариш учун атайлаб нархларни жуда пасайтириб юбормоқда. Демак, қозоқ расмийлари “SpaceX” қарори Москвани хавотирга қўйишини тушунган. Шундай бўлса-да, улар “SpaceX” билан ҳамкорлик қилишга тўхталди.

Бошқа ривожланаётган давлатларга ўхшаб Қозоғистон ҳам ўз давлатчилигини мустаҳкамлаш ва кучлар мувозанатини таъминлаш учун кўп векторли ташқи сиёсат олиб боради. Канаданинг “Geopolitical monitor” агентлиги “ўзининг географик жойлашуви сабабли Қозоғистон Москва ва Пекин таъсиридан ўзи хоҳлаган даражада чиқиши қийин бўлишини таъкидлаб, Остона Вашингтон билан сиёсий яқинлашишга ҳаракат қилмоқда” деб ёзмоқда. “Независимая газета” нашрида чоп этилган “Москва ва Остона ўртасида муаммолар кўпайди” номли мақолада Россияга нисбатан жорий этилаётган иқтисодий санкциялар туфайли Москва ва Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятининг бошқа аъзолари (жумладан, Қозоғистон) ўртасидаги муносабатлар кутилгандек амалга ошмаётгани ҳақида ёзилган эди. Остона “SpaceX”ни танлаш орқали Қозоғистоннинг Бойқўнғир космодромидан фойдаланадиган Россияга қандайдир сиёсий “сигнал” беришга ҳаракат қилаётган бўлиши мумкин.

Бошқа номзодлар

Сунъий йўлдошларни орбитага чиқариш қудратига эга бўлган 12 та давлат бор (расмга қаранг).

Демак, АҚШ ва Россияни ҳисобга олмаганда, Хитой, Европа иттифоқи, Япония ва Ҳиндистон бор эди. Аммо “SpaceX” инновацион ёндашуви билан мутахассислар эътиборини ўзига қарата олди. У хусусий компаниялар орасида биринчилардан бўлиб ракеталарни қайта-қайта ишлатиш мумкинлигини ҳаммага намойиш қилди. Шу сабабли Илон Маскнинг “SpaceX”и ўзининг оргинал ёндашуви ва нодавлат ташкилот экани билан ажралиб туради.

Хулоса

Космонавтика соҳасида Россия билан ҳамкорлиги кутганидек натижа бермагани сабабли Қозоғистон ўзи учун иқтисодий фойдали бўлган “SpaceX” вариантини танлади. Космос билан боғлиқ бозор жуда тез суръатда ўзгармоқда. Илон Маскнинг “SpaceX”и ўз рақобатчилари (жумладан, “Роскосмос”) билан солиштирганда сезиларли даражада паст нарх таклиф қилиб, уларни бозордан сиқиб чиқаришни бошлаган. Бу жараён Марказий Осиёга ҳам етиб келди.

Анвар Шоҳниёзов

 

Манба: Turon24

Did you find apk for android? You can find new Free Android Games and apps.




Ўртоқлашиш:
Добавить комментарий

Қозоғистонда “Apple Pay” ишга тушди

Want create site? Find Free WordPress Themes and plugins.“Apple” томонидан мобил тўловлар учун ишлаб чиқилган ушбу тизим 2014 йилда ишга тушган эди. Унинг ёрдамида “Apple” маҳсулотларининг эгалари NFC (“контактсиз яқин алоқа”) технологияси ёрдамида харидлар учун тўловларни амалга ошириши мумкин. Тўловни тасдиқлаш учун “Touch ID” ёки “Face ID” технологиясидан фойдаланилади. Шунингдек, ушбу тизимдан интернетдаги тўловлар учун […]

29 noyabr 15:37