16/10/2017

OnePlus смартфонлари фойдаланувчиларга тегишли маълумотларни тўплаши ишлаб чиқарувчи томонидан тан олинди

Яқинда интернет тармоғидаги фойдаланувчилар OnePlus смартфонлари ўз эгасига тегишли маълумотларни йиғиб бориши ҳақида шикоят қилишган эди. Орадан бироз вақт ўтиб, OnePlus ушбу ҳолатнинг хато эмаслигиини расман тан олди.

Гап шундаки, OnePlus смартфонларидаги Oxygen OS интерфейси икки хил турдаги маълумотларни тўплаб, уни ишлаб чиқарувчига тегишли серверга узатади: биринчи – смартфондан фойдаланиш ҳақидаги маълумот ва иккинчиси – қурилманинг ўзи ҳақидаги ахборот. Ушбу маълумотлардан Oxygen OS интерфейси ишини янада яхшилаш учун фойдаланилади.

Гарчи фойдаланувчиларга бундай маълумотларнинг тўпланишини ўчириб қўйиш танлови таклиф қилинса-да, смартфонлар ишини келгусида оптималлаштириш учун қурилма ишлаб чиқарувчига барибир маълум миқдордаги минимал маълумотларни жўнатиб тураркан.

OnePlus шу ойда бундай маълумотлар йиғилишини ўчириб қўядиган махсус опцияни қурилма дастурига қўшишни режалаштирган. Шунингдек, OnePlus фойдаланувчиларга тегишли телефон рақамлари, МАС-адреслар ва Wi-Fi нуқталари тўғрисидаги ахборотларни келгусида йиғмасликка ваъда берган.

Манба: IXBT нашри
Made on
Tilda