25 oktyabr 12:22

“O‘” ва “G‘”дан қутуламиз шекилли. Лотин ёзуви бўйича конференцияда нималар айтилди?

Want create site? Find Free WordPress Themes and plugins.

2 октябрь куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва янада такомиллаштириш муаммолари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Унда университет, Фанлар академияси тил ва адабиёт институти экспертлари, шунингдек, бошқа масъул ташкилотлар ходимлари лотин ёзуви муаммоларини муҳокама қилишди.

Конференцияда нималар айтилди? Ўзбек алифбосида қандай янгиликлар бўлади? Бунга батафсилроқ тўхталамиз.

Конференциянинг аҳамияти нимада?

Ўзбек тили ва адабиёти университети қошидаги махсус комиссия икки йилдан буён лотин ёзувини такомиллаштириш бўйича иш олиб бормоқда. Омма фикрини ўрганиш мақсадида гуруҳ мунтазам равишда “Facebook”да бу борада янгиликлар чоп этиб, ижтимоий тармоқ фаолларининг таклифларини тўплаб борди. Мана энди ёзувни такомиллаштириш борасидаги ишлар ниҳоялаб қолди.

Университет ректори, филология фанлари доктори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов ўз чиқишида мазкур конференция якуний маслаҳатлашув эканлигини алоҳида қайд этди.

“Бугун охирги тавсиялар қабул қилинади. Шундан сўнг ишлаб чиқилган таклифлар лойиҳаси Олий Мажлис Сенатига киритилади”, — деди у.

“Ёзув ислоҳоти масаласи чўзилиб кетди қабилидаги танқидларни шу икки йил давомида кўп эшитдик, – дея қўшимча қилди Шуҳрат Сирожиддинов. – Лекин аслида иш бир кун ҳам тўхтаган эмас. Биз олдинги хатоларни такрорламаслик мақсадида шошилмай иш олиб бордик, масалани чуқур ўргандик”.

Давлат тили инспекцияси нима иш қилади?

Тадбир бошида сўз навбати Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Иқбол Мирзога ҳамда “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуродовга берилди.

Сенатда тил ва ёзув масаласи учун жавобгар бўлган Иқбол Мирзо тилга олган кўплаб таклифлар қаторида Давлат тили инспекцияси тузиш ҳақида ҳам гапирди. Унинг бу таклифи одатда айтиладиган “давлат тили тўғрисидаги қонунни бузиш учун жавобгарликни кучайтириш”, “луғат ва адабиётларни кўпайтириш”, “тарғибот ишларини олиб бориш” сингари мавҳум тавсиялардан конкретлиги ва янгилиги билан ажралиб турарди (шунга қарамай, сенатор юқорида келтирилган бошқа таклифларни ҳам четлаб ўтмади). Иқбол Мирзо бошқа давлатларда ҳам тил қўмиталари борлигини, улар давлат тилига ҳурмат кўрсатилишини, тил меъёрлари сақланишини назорат қилиб боришини таъкидлаб ўтди.

Сенаторнинг айтишича, Давлат тили инспекцияси давлат ташкилотлари ва бошқа айрим муассасаларда давлат тили тўғрисидаги қонунга риоя этилишини назорат қилади. Лекин у мазкур инспекция қандай механизмлар асосида ишлашини, қандай қонуний асосда текширувлар ўтказишини ҳамда қонунни бузганларга нисбатан қандай чоралар кўра олишини тушунтириб ўтмади.

Туркияга яқинроқ

Тил ва адабиёт институти директори, филология фанлари доктори, профессор Низомиддин Маҳмудов ўз чиқишида лотин ёзувининг энг муаммоли жиҳатлари бўлган “o‘”, “g‘”, “sh”, “ch” ҳарфларидан батамом воз кечиш қаторида “j” ҳарфини “c”га алмаштириш зарурлигини ҳам билдириб ўтди.

“Ўз вақтида инглиз ёзувига яқинроқ ва тушунарлироқ бўлиш учун қабул қилинган бу ҳарфларни методик ва техник жиҳатдан қулайроқ муқобилларига алмаштириш лозим”, — деди мутахассис. Унинг ўзи ҳам 1990-йилларда лотин ёзувини ишлаб чиқиш учун жавобгар гуруҳ таркибида бўлганини унутмайлик.

Унинг ташаббусини кейинги маърузачи – Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Нодир Жонузоқ ҳам қўллаб-қувватлади. Даволанаётган бўлишига қарамай, конференцияга етиб келган шоир ўзидан олдинги маърузачиларни диққат билан тинглади, сўнг, сўз навбати келгач, микрофонни ўзига яқинлаштириб (беморлиги туфайли тўпланганлар ундан минбарга чиқмай, жойидан гапиришни сўрашди), чиройли ва асосли фикрлар билдирди.

“Ўзбекистон туркий дунёга интеграциялашиб бораяпти. Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа туркий давлатлар билан алоқаларимиз мустаҳкамланмоқда. Агар Низомиддин аканинг ташаббуси инобатга олинса, ўзаро тушунарли ҳарфлар сони яна биттага ортади. Қримтатарлар, турклар, озарбайжонлар ва бошқа қардош халқлар ўзбек тилини яхшироқ тушунишига замин яратамиз”, – деб таъкидлади у.

Шу пайтга қадар очиқ айтилмагани билан ўзбек лотин алифбоси бошига “o‘”, “g‘”, “sh” ва “ch” шаклида келган кулфатлар мана шу масалага боғлиқлигини ҳамма биларди. Биздаги ишончли манбаларга кўра, дастлаб “ğ” ва “ö” тарзида қабул қилинган “ғ” ва “ў” ўз вақтида турк алифбосига ўхшаб қолмаслиги учунгина ҳозирги апострофли бесўнақай шаклга ўтказилган. Бу хатолар тузатилиши қаторида, “j” > “c” масаласи ҳам расмий тадбирда ўртага ташланиши катта ўзгаришлардан далолат беради.

Кирилл ёзуви тарафдорлари ҳам бўй кўрсатди

Тадбир мобайнида ўйчан ўтирган Озод Отамирзаев (“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори ўринбосари, география фанлари доктори, профессор) микрофон олдига келганида норозилигини яшириб ўтирмади. “Ижтимоий фикр” ёзув масаласида ўтказган сўровлар натижалари юзасидан қуруққина ҳисобот бергач, Озод Отамирзаев “фуқаро сифатида шахсий фикри”ни билдиришни лозим топганини айтди.

“Биз лотин ёзувига ўтишда халқ фикрини инобатга олмай, шошқалоқлик қилиб, хатога йўл қўйдик, – ёзғирди у. – Натижада чаласавод бўлиб қолдик. Кирилл алифбосида яратилган улкан меросдан узилиб қолдик. Ёш авлод ўз меросидан бехабар бўлиб қолди”.

Географнинг ёнида ўтирган устозлар хижолатчиликни яшириш учун табассум қилишга уринишаркан, паст овозда унга эътироз билдириб кўришди. Лекин бу кор қилмади; Озод Отамирзаев анчайин кескин оҳангда норозилигини ифодалашда давом этарди. Натижада эътирозлар баландроқ овозда янграй бошлади.

“Мана сизлар, – деб аудиторияда йиғилган талабаларга мурожаат этди у, – кирилл ёзувини биласизларми?”

“Биламиз!”, – бир овозда хитоб қилишди талабалар.

Кутилган жавобни ололмаган арбоб бошқа аргументларга ўтди ва лотин ёзувидан яхши хабардор эмаслигини кўрсатиб қўйди. Масалан, унинг фикрича, лотин ёзувида “ер” ва “эр” сўзлари бир хил ёзилар экан.

Ректор аудиторияда кўтарилган шовқин-сурон можарога айланишининг олдини олиш учун бўлса керак, кофе-брейк эълон қилиб юборди. Маслаҳатлашув иштирокчилари ўринларидан қўзғалиб, тарқалаётган пайтда Озод Отамирзаев ҳали ҳам микрофонга нималардир деяётган эди, аммо унинг охирги сўзлари оломон шовқинида йўқ бўлиб кетди.

Лотин ёзувининг қандай ўзгариши кутилмоқда?

Юқорида айтилганидек, конференцияда лотин ёзуви бўйича таклифларнинг якуний лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа Сенатда қачон кўриб чиқилиши-ю, қачон ҳаётга татбиқ этилиши ҳақида аниқ маълумот берилмади. Низомиддин Маҳмудов билан олдинги суҳбатларимизда бу ишлар жорий йил охирида – кейинги йил бошида амалга оширилишини айтган эди.

Тадбирда қайта ишланган лотин алифбосининг икки варианти тақдим этилди. Биринчисини университет мутахассислари ишлаб чиққан бўлиб, унда қуйидаги ўзгаришлар назарда тутилган:

“o‘” > “ŏ” “g‘” > “ğ” “sh” > “ş” “ch” > “ç”

Экспертлар жамоаси “ng” ҳарф бирикмасига тегинмасликка қарор қилишди. Бунинг сабаби – у ёзувдан бу ёзувга автоматик ўтказиш чоғида компьютер “нг” ҳарф бирикмасини “ŋ” товушидан ажрата олмайди, бунинг натижасида матнлар имловий хатоларга тўлиб кетади ва уларни қўлда тузатиб чиқишга тўғри келади.

Иккинчи вариантни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тақдим этган. Унда, юқоридагилардан ташқари, “ц” товушини ифодаловчи “c” ҳарфини қўшиш таклиф қилинган.

Шунингдек, маърузалар ва кофе-брейкдан кейинги муҳокамаларда Низомиддин Маҳмудовнинг “j” > “c” таклифига қўшимча равишда “j” ҳарфини ҳам сақлаб қолиш, унинг ёрдамида “жирафа”даги “j”ни ифодалаш таклифи айтиб ўтилди.

Ҳозирги лотин ёзувини сақлаб қолишни ёқлаб чиққанлар ҳам бўлди. Ўзгаришларга қарши фикр билдирганларнинг асосий эътирози компьютерда матн териш билан боғлиқ муаммолар билан боғлиқ эди. Уларнинг айтишича, бугунги лотинча, айрим ноқулайликларига қарамай, стандарт инглиз клавиатурасига бирор-бир ўзгартириш киритишни талаб қилмайди; янги алифбо эса янги дастурий таъминот яратиш, янгича клавиатурага мослашишни тақозо этади. Лекин тайёр туркча клавиатура турганида бу жиддий муаммо бўлмаса керак.

“Икки хил ёндашув тарафдорларининг кураши узоқ давом этди. Ва бу кураш янгилик тарафдорларининг ғалабаси билан тугади. Ўтмишнинг соҳиблари келажак соҳибларига йўл бўшатиб бериши керак”, – деган эди Нодир Жонузоқ ўз маърузаси давомида.

Умид қиламизки, бу ғалаба якуний ва узил-кесил бўлади. Лотин ёзуви тузук кўринишга келтирилади ва қатъият билан тез фурсатда жорий этилади.

 

Манба: TURON24

Did you find apk for android? You can find new Free Android Games and apps.




Ўртоқлашиш:
Добавить комментарий

Янги алифбода қандай ўзгаришлар бўлиши маълум қилинди

Want create site? Find Free WordPress Themes and plugins.Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига бир қатор ўзгаришлар киритилади. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети қошида тузилган Ишчи гуруҳи, шунингдек турли мутахассислар, жамоатчилик фикри инобатга олиниб ҳозир лотин ёзувидаги тўртта ҳарф ўзгарадиган бўлди. Булар: Oʻ унли ҳарфи қўшимча белгиларсиз Ŏŏ кўринишида, Gʻ ҳарфи Ğğ кўринишида ёзиладиган бўлди. Ҳарфлар бирикмаси орқали […]

5 noyabr 11:58