9 yanvar 14:56

Муваффақиятли кишилар қандай қилиб барчасига улгуришади?

Want create site? Find Free WordPress Themes and plugins.

Қандай қилиб “уч Ҳарвард саволи” ёрдамида саккиз соатни тежаш ва иш куни тугаши билан офисни тарк этиш мумкин? “Вақтни бошқаришга оид 15 сир” китоби муаллифи Кевин Крузмиллиардерлар, Олимпия чемпионлари ва аълочи-талабалар орасида сўровнома ўтказиб, тайм-менежмент билан боғлиқ шу ва бошқа саволларга жавоб берди. HBR нашри Крузнинг китобидан қизиқарли парчалар билан бўлишди.

1440 дақиқа сеҳри

Биз вақт – энг қадрли ва тиклаб бўлмайдиган ресурс эканини унутиб, одамларга қимматли вақтимизни “ўғирлаш”га изн берамиз, ёки ўзимиз уни шамолларга совурамиз.

Юрагингизга қўлингизни қўйинг ва унинг уришини ҳис қилинг. Нафас олишингизга эътибор беринг. Сиз ҳеч қачон буларни ортга қайтара олмайсиз. Аслини олганда ҳозирнинг ўзидаёқ мен сизнинг бир неча юрак зарбингизу нафасингизни “ўғирладим”.

Бироқ агар бу сизга вақт қандай шиддат билан ўтаётганини тушунишга ёрдам берган бўлса, шунга арзийди.

Эҳтимол, “Ҳа, вақт муҳим. Айнан шунинг учун ҳам мен шу китобни ўқияпман. Мен буни тушунаяпман!”, деб ўйлаётгандирсиз.

Бироқ сиз шу тушунчаларингизга мувофиқ яшаяпсизми?

Энди пулга қанча вақт ажратишингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Имкон қадар кўпроқ пул топиш мақсадида эрталабдан кечгача ишлайсиз, топган пулингизни оқилона сарфлашга ҳаракат қиласиз, кимдир уларни ўғирлаб қўйишидан хавотирда бўласиз ва ниҳоят, “Қандай қилиб миллионер бўлиш мумкин?” қабилидаги китобларни мутолаа қиласиз.

Сиз пулларни кўкка совурмайсиз, банк ҳисоб рақамингизни диққат билан назорат қиласиз ва кўчадаги нотаниш кишиларга пул тарқатмайсиз.

Бироқ аксариятимиз ўз вақтимизни нималарга сарфлашимизга эътибор бермаймиз.

Фото: flickr.com

1440 — ҳаётингизни ўзгартириши мумкин бўлган сеҳрли рақам. Мен сизларни бу рақамлар сеҳрини ҳис қилишга чақираман. Шунчаки бир варақ қоғозга йирик шрифтда 1440 рақамини ёзинг ва уни хонангиз эшигига, телевизор тепасига, компьютерингиз ёнига, яъни доим кўзингиз тушадиган ва вақтдек қимматли ресурснинг чекланганини ёдингизга солиб турадиган жойларга осиб қўйинг. Энди атиги бир дақиқани қандай сарфлашингиз мумкинлиги ҳақида ўйланг.

Ишлар рўйхатини тузавермай, уларни бажаришга киришинг!

Нимага интилманг, соғлом фикрлаш сизнинг мақсадингиз аниқ ва ўлчамли бўлиши кераклигига ишора қилади. “Пулларни тежаш” мақсади ўрнига, масалан, “йил охиригача 5000 доллар тежаш”ни мақсад қилиш керак. “Ортиқча вазндан халос бўлиш” мақсади ўрнига эса “ўн ҳафтада 10 кг вазн ташлаш” каби аниқ мақсад қўйиш керак.

Фото: Getty images

Энг муҳим вазифани белгилаб олганингиздан кейин уни кундалик режаларингизга киритишингиз зарур. Ўз кундалигингизни ёки режа-тақвимингизни очинг ва бу вазифага имкон қадар иш кунининг эрталабки соатларидан вақт ажратинг.

Дьюк Университетининг психология ва ахлоқий иқтисодиёт профессори Дэн Ариэли аксарият одамларда самарадорлик ва когнитив функциялар фаолияти чўққиси инсон тўлиқ уйғонгандан кейинги илк икки соатга тўғри келишини таъкидлайди.

Муваффақиятли кишилар рўйхат тузишмайди, улар кундалик бажариладиган ишлар режасини тузишади. Бу китобни ёзиш учун олинган барча интервью ва сўровномалар давомида мен ўзим учун асосий билимлардан бирига эга бўлдим: нимадир бажарилишини истасангиз, бунинг учун муайян бир вақтни ажратиш керак.

Иш жадвалингизга тўғри келмайдиган кутилмаган ишларга автоматик равишда қуйидагича реакция қилишга одатланинг: “Афсуски, соат 16:00 дан 17:00 га қадар муҳим ишим бор. 17:00 дан кейин суҳбатлашишимиз мумкинми ёки эртагача кутамизми?”

Режаларингизни бузмаслик учун муаммоларни ҳал қилишни бўш вақтга қолдиришни ўрганиш — бу сизнинг самарадорлигингизни сезиларли даражада ошириш имконини берувчи жуда фойдали одат.

Режалаштиришдан вақтни бошқаришнинг самарали жиҳози сифатида фойдаланишнинг яна бир усули — мукаммал ҳафта режасини тузиш.

У қандай бўлиши кераклиги ҳақида ўйлаб кўринг.

Агар сиз фрилансер, маслаҳатчи ёки коуч бўлиб ишласангиз, сизнинг мукаммал ҳафтангиз лойиҳалар устида ишлаш, мижозлар билан учрашиш, янги кўникмаларни ўзлаштириш ва малака ошириш, шахсий маркетинг ташаббусларингиз устида ишлаш ва ғоялар алмашиш мақсадида ҳамкасблар билан учрашувлардан иборат бўлиши мумкин.

Агар сиз ўрта звено раҳбари бўлсангиз, сизнинг мукаммал ҳафтангиз жамоангиз билан мажлис қилиш, мураббийлик, жорий масалаларни ҳал қилиш, шунингдек хотиржам фикрлаш ва келажак учун режалар тузиш учун стратегик режалаштиришга вақт ажратиш.

Қайси касб эгаси бўлишингиздан қатъи назар, сизнинг мукаммал ҳафтангиз — ҳар куни шахсий ишларингизни (масалан, оилангиз учун ажратадиган вақт, спорт билан шуғулланадиган вақт, хоббига ажратиладиган вақт ва дам олиш учун ажратиладиган вақт) ҳам ўз ичига олади.

Кундалик ишлар жадвалингизда шу каби такрорланувчи жиҳатларга муайян вақт блокларини ажратинг. Бу сизга ҳаётингизни максимал даражада фаолият юритиш ва максимал даражада завқ олиш асосида қуришга ёрдам беради.

Ишларни кейинга қолдиришга қарши курашамиз

Тасаввур қилинг, ишларни кейинга қолдириш ё кечиктириш одатингизни тўлиқ енгдингиз. Ҳаётингиз қанчалик ўзгарарди?

Ишларни кечиктириш одатини енгиш учун унинг сабабларини тушуниш керак. Ишларни кейинга қолдиришингиз ва ваъдага вафо қилмаслигингизга дангасалигингиз сабаб эмас, бунга сизга мотивация етишмаслиги ёки мақсад қўяётганингизда одатлар кучини (яъни “ҳозирги ўзингиз”га нисбатан “келгусидаги ўзингиз”ни) етарлича баҳолай олмаслигингиз сабабдир.

Бизнинг келажак ҳақидаги тасаввурларимиз ноаниқ. психологияда бу “айни дамни бузиш” деб аталади. Биз келажак учун катта режалар тузамиз, ҳаётимизга кескин ўзгаришлар киритишга, бошқача инсон бўлишга қарор қиламиз, бироқ келажак бошланиб айни дамга айланганида ўша-ўша ширинликлар, комедияларни танлашда ва Facebook’ни кўздан кечиришда давом этаверамиз. Бу анча осон ва қизиқарлироқ. Ҳаётни эса тушликдан кейин ёки душанбадан бошлаб ёхуд энг яхшиси, 1 январдан ўзгартириш мумкин!

Фото: Getty Images

Навбатдаги лойиҳага киришиш учун эрталаб ўрнимиздан яхши кайфиятда сакраб турмаслигимизга орзуларимизнинг етарлича мотивацияга эга эмаслиги сабабдир. Улар бизга етарлича шижоат бағишлай олмаяпти. Олдингизда мураккаб вазифа турганида унинг ортида қандай оғриқ ёки завқ турган бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйланг.

Шу ишни бажарсам, қандай завқ оламан? Шундай қилмасам, қандай зарар кўраман? Менинг мақсадларимдан бири – ҳар куни жисмоний машқларни бажариш. Йога, куч-қувват берувчи машқлар ва югуриш йўлакчасидаги кардиомашғулотлар. Спорт билан шуғулланишни кечиктирмаслигим учун у билан боғлиқ оғриқ ёки завқни яққол тасаввур қила билишим керак. Мен нима учун машқ қилишим керак? Чунки чиройли қоматга эга бўлишни истайман (ким буни истамайди?), куч-қувватга тўла бўлишни, соғлом юрак-қон томир тизимига эга бўлишни ва бош миям яхши ишлашини хоҳлайман.

Агар машқ қилмасам, қандай зарар кўраман? Қорин осилиши, бўшашган мушаклар (ёқимсиз кўриниш) ва ҳ.к. Камҳаракат бўлсам, тизза соҳасида пайдо бўлиши мумкин бўлган оғриқлар ҳақида ўйлайман. Омадсиз дангасага айланишим ҳақида ўйлайман. Ҳатто жисмоний машқлар билан шуғулланмаслик – яқинларимга нисбатан ҳурматсизлик экани ҳақида ўйлайман.

Иш жойингизни ўз вақтида тарк этинг

Омадли бизнес-етакчиларнинг турмуш тарзига эътибор беринг:

Facebook операцион директори Шерил Сэндберг ҳар куни ўз фарзандлари билан бирга тушлик қилиш учун ишдан 17:30 да кетади.

Intel компаниясининг собиқ президенти Эндрю Гроув ишга соат 8:00 да келиб, 18:00 да кетган.

400 дан ортиқ компаниядан иборат конгломератни бошқарувчи Virgin Group асосчиси Ричард Брэнсон ўзининг хусусий оролини тарк этмайди ҳисоб, шундай бўлса-да, у тобора кўпроқ ақл бовар қилмас жаҳон рекордларини ўрнатади.

Улар ҳаммасига қачон улгуришар экан?

Эндрю Гроув ўзининг “Юқори самарали менежмент” китобида бу сирни очади:

“Менинг ишчи куним барча ишларим тугаганида эмас, ўзим чарчаб, уйга кетишга тайёр бўлганимда тугайди. Чунки менежернинг иши худди уй бекасининг ишига ўхшаб ҳеч қачон тугамайди: доим бажарилиши керак бўлган қандайдир ишлар бўлади”.

Агар буни ўз ҳаётингизга татбиқ қила олсангиз, бу сизнинг ҳаётингизни кескин ўзгартириши мумкин.

Фото: Pixabay

Ҳафтасига саккиз соатни тежовчи “уч Ҳарвард саволи”

2013 йилнинг сентябрида профессор Жулиан Биркиншоу ва Жордан Коэн Harvard Business Review журналида самарадорликни оширишга доир тажрибалари натижаси билан бўлишишди. Улар ақл билан ишловчи юқори малакали ходимлар ўз вақтининг 41 фоизини ё умуман профессионал қониқиш олиб келмайдиган, ё бошқалар томонидан бажарилиш мумкин бўлган турли иккинчи даражали ишларга сарфлашларини аниқлашди.

Нима учун одамлар бу билан шуғулланишда давом этишмоқда?

Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, аксарият ўзини банд ҳис қилишни яхши кўради, чунки бу уларнинг қадр-қимматини оширадигандек тасаввур уйғотади. Улар кичик ва аҳамиятсиз ишларни бажаришдан ҳам қониқиш ҳосил қилишади, ҳатто зерикарли мажлисларни ҳам ижобий қабул қилишади, чунки бу уларга иш жойини тарк этиб, ҳамкасблари билан мулоқот қилиш имконини беради.

Биркиншоу ва Коэн одамларни ўз меҳнатига янгича қарашга ўргатишганидан сўнг улар вақт томондан анча ютишди. Бундай ёндашувга ўргатилган ходимлар стол атрофидаги ишларни – 6 соатга, мажлисларга кетадиган вақтни 2 соатга қисқартириб, ҳафтасига ўртача саккиз соат тежай бошлашди.

Бундай ёндашувни амалда синаб кўриш учун барча ишлар ва йиғилишлар рўйхатини тузинг ва қуйидаги саволларга жавоб беринг:

1. “Айнан шу иш мен ёки компаниям учун қанчалик муҳим? Уни бажаришдан тўхтасам, нима бўлади?”

2. “Бу ишни бажариши мумкин бўлган инсон фақат менманми? Уни ташкилотдаги бошқа бир ходим бажариши мумкинми?”

3. “Қандай қилиб худди шундай натижага тезроқ эришиш мумкин? Вақтим кам бўлганида бу ишни қандай бажарган бўлардим?”

“Уч Ҳарвард саволи” сизга тўлиқ рад этиш ёки бошқа бир ходимга юклаш мумкин бўлган нисбатан қадрсиз вазифаларни аниқлаш, шунингдек муҳим ишларни бажаришнинг энг самарали усулларини топиш имконини беради.

 

Манба: Xabardor

Did you find apk for android? You can find new Free Android Games and apps.




Ўртоқлашиш:
Добавить комментарий