14/07/2017

Замонавий мобил технологияларга бағишланган Mobicon – 2017 конференцияси қачон ўтказилиши маълум бўлди

Ўтган йилда Ledokol Group реклама агентлиги томонидан ўтказилган мобил технологияларга бағишланган биринчи Mobicon конференция кўпчиликда яхши таассурот қолдирган эди. Мобил технологияларсиз ҳозирда кундалик турмушимизни тасаввур қилиш жуда қийин. Ушбу соҳанинг имкониятлари эса тобора кенгайиб бормоқда. Ledokol Group анъанага содиқ қолган равишда бу йил ҳам ушбу конференцияни янада қизиқарли ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда. Тадбир санаси ҳам маълум: Mobicon – 2017 конференцияси 27 сентябрь санасида бўлиб ўтади.

Бу йилги конференциясида телекоммуникация, илғор мобил қурилмалар, мобил тижорат, мобил иловалар, маркетинг ва реклама, мобил контент сингари технологик трендлар, шу билан бирга, мессенжер ва чатботлар, виртуал реаллик, турли мобил хизматлар тўғрисида сўз юритилади. Конференцияга маҳаллий экспертлардан ташқари халқаро миқёсда яхши танилган чет эллик мутахассислар ҳам нутқ сўзлайдилар. Шунингдек, Google, Яндекс, Alibaba каби йирик технологик компаниялар вакиллари ҳам иштирок этиб, замонавий мобил трендлар хусусида ўзларининг қимматли фикрлари билан ўртоқлашадилар.

Тез орада барча спикерлар ва мавзулар ҳақидаги маълумотлар конференциянинг веб-сайтига (mobicon.uz) жойланади. Конференцияда иштирок этиб, замонавий мобил технологиялар йўналишидаги янгиликлардан хабардор бўлинг!
Made on
Tilda