10 мая 12:33

«Корея мўъжизаси»нинг сири нимада?

Want create site? Find Free WordPress Themes and plugins.

Корея Республикаси дунёнинг энг илғор давлатларидан биридир. Ҳосилдор ер тақчил, ҳеч қандай ер ости табиий бойликлари йўқ. Аммо шундай шароитда ҳам мазкур мамлакат қандай қилиб бу даражага эришди?! Бунинг сири нимада?
Биз ушбу диёрга сафаримиз давомида ана шу саволларга жавоб изладик…

“Ақлли шаҳар”
Дастуримиз турли йўналишларни қамраб олган бўлиб, жуда қизиқарли тузилган эди. Биз, ўзбекистонлик журналистлар Жанубий Кореядаги ижтимоий-сиёсий ҳаёт, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш, маънавий-маърифий соҳалар, умуман, кўпгина жабҳаларда олиб борилаётган ишларни ўз кўзимиз билан кўришга муваффақ бўлдик.

Сеул — мамлакат пойтахти, салобатли, шу билан бирга, осойишта шаҳар. Бугунги кунда мегаполисда ўн миллиондан зиёд аҳоли яшайди. Умумий, Сеул — Инчхон агломерациясида эса 23 миллиондан ортиқ фуқаролар ҳаёт кечиради. Шаҳар сизни асло зериктирмайди. Пойтахт кўчалари саранжом-саришта. Сеулда 3000 та чорраҳа мавжуд. Шунга қарамай, автотранспортлар тартиб билан ҳаракатланади. Асаб бузиш деган гап йўқ. Ҳамма нарса интизом, ўзаро ҳурмат ва демократик асосда шаклланган.

Шаҳар бўйлаб 8000 дан ортиқ автобуслар аҳолига хизмат кўрсатади. Лекин қулай транспорт воситаси фақат бу эмас. Корейслар велосипедда юришни хуш кўришади. Турли оралиқ масофаларда уларни ижарага берувчи махсус шохобчалар ташкил этилган.

Бугунги глобаллашув замонида инновациялар турмуш тарзимизнинг муҳим бўлагига айланганини Корея Республикасида юрган одам чуқур ҳис қилиши табиий. Бу ерда мазкур тармоқ шу даражада тараққий топганки, ҳаётнинг узвий бир қисмига айланган, гўё. Масалан, кўчаларга ўрнатилган кузатув камераларини олайлик. Маълумотларга кўра, айни пайтда шаҳар бўйлаб 30 мингта камера мавжуд. Улардан 8500 таси фақат машиналар ҳаракатини назорат қилади. Қолганларининг фаолияти аҳоли хавфсизлиги учун йўналтирилган. Дейлик, кўча-кўйда кетаётган одам тўсатдан йиқилиб тушса ва у икки дақиқагача ўрнидан турмаса, қисқа муддатда полиция шу манзилга етиб келади… Бошқа пайтларда йўлда полициячини учратмайсиз… Шаҳар бутунлай камералар ёрдамида синчковлик билан кузатиб борилади.

Муваффақият калити
Корейслар жуда меҳнаткаш халқ. Касбига доимо меҳр-муҳаббат билан ёндашади. Шундан келиб чиқибми, бу ерда иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги муносабатга ҳавас қилса арзийди. Ташкилот ҳамда хизматчи ўртасида, аввало, ўзаро ҳурмат устуворлик қилади. Мисол учун, Жанубий Кореянинг йирик компанияларидан бири — “Daewoo Shipbuilding & Marine Engineering”нинг бош шиори “Ишонч ва муҳаббат” деб аталиб, бу икки томонлама муносабатнинг муҳим шарти сифатида қабул қилинган. Яъни ходимга нисбатан ишонч ҳамда унинг ишга, касбига бўлган муҳаббати ифодасидир. Мана шу ёндашувни “Кўплаб фирма ва корхоналар муваффақиятининг калити”, дейиш мумкин. Назаримизда, “Корейс мўъжизаси” деган ўзига хос баҳонинг асл моҳиятини шу нуқталардан изласак, тўғрироқ бўлади. Демак, бизда ҳам бундай корпоратив қадриятлар тизими ҳамда фалсафасини яратиш пайти келди.

Қолаверса, вақт — улар учун энг қиммат нарса. Ишхоналарда бекор турган дастгоҳ ёки мудраб ўтирган ишчини учратмайсиз. Кореяликлар эрталаб соат 8:30 да ишда бўлишади. Ҳар бирининг ўз вазифаси бор. “Мен чарчадим, кўп ишлаб юбордим”, деган гапни улар деярли тилга олишмайди. Тушлик вақти яқинлашганида аччиқ қаҳва ичишади. Айтишларича, бу ишга иштиёқни оширар экан. Умуман, кун давомида улар уч марта қаҳва истеъмол қилишади…

Мутолаага иштиёқ кучли
Мутолаа — корейс жамиятида бизни ҳайратга солган ҳодисаларнинг бири бўлди. Кўча-кўйда китоб ўқиётган ёхуд газета варақлаётган маҳаллий аҳоли вакиллари, айниқса, турли гаджет ва қўл телефонларидан фойдаланиб, мутолаа қилаётган ёшлар кўп учрайди. Уларнинг ўзлари бу маданиятни XV асрда Кореяни бошқарган қирол Сежонг номи билан боғлашади. Маълумотларда келтирилишича, буюк қирол бошқа ҳукмдорлардан фарқли ўлароқ, ўз халқига янги, содда алифбони жорий этган. Уларни ёзиш ҳамда ўқишга ўргатиб, саводли бўлишларига астойдил курашган ва бунга эришган.
Шу боис мамлакатдаги қирол Сежонг ҳайкали пойи ва остидаги музей ташриф буюрувчилар билан доимо гавжум.

Ҳокимият халқ учун ишлайди
Сеул шаҳри маъмурияти дунёдаги энг самарали бошқарувни ўзида мужассам қилган тузилмалардан бири саналади. Шу сабабли охирги бир ярим йилда ушбу мэрия раҳбарияти билан мамлакатимиз, хусусан, пойтахт Тошкент ўртасида ҳамкорлик алоқалари изчил йўлга қўйилди. Корейслар бир неча марта юртимизга ташриф буюришди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 — 24 ноябрь кунлари Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи давомида мазкур мэрия фаолияти билан танишди, шаҳар мэрининг жуда оддий ҳамда қулай, шу билан бирга, “ақлли хона”сини кўздан кечирди. Бундай катта мегаполисни хонадан туриб бошқариш, албатта, ҳаммада қизиқиш уйғотади.

Биз Сеулга келган кунимиз шаҳар мэрияси рўпарасидаги меҳмонхонага жойлашдик. Уч кун давомида шу бинонинг тарихи, ичи ва ён-атрофидаги ҳаёт билан қизиқдим. Сеул мэри Ван Сун Пакнинг ўша замонавий хизмат хонасида ҳам бўлдим. Ишонинг, у жуда содда ҳамда иш юритув нуқтаи назаридан демократик усулда жиҳозланган. Бу ерда шундай муҳит яратилганки, ҳар қандай вазифани инновацион тарзда ҳал этиш мумкин. Ишлаш услубида ҳам самимият ва камтарлик кўриниб турибди. Бировга бақирган, дўқ-пўписа қилаётган раҳбарни кўрмайсиз — ҳамма ўз ишини билиб бажаради. Бу ерда раҳбар ўта расмий услубда кийинсин, деган талабга ҳожат йўқ. Ҳаммаси хоҳишга яраша, асосан, “casual”, яъни қулай услубда. Мэрия ходимлари ишга хоҳласа оддийгина ва ўзига қулай кийимда келиши, бу ердаги қаҳвахонада мэр билан биргаликда қаҳва ичиши мумкин… Шаҳар раҳбари бу, биринчи навбатда, янгиликка интилувчи менежер, деганидир. Эгнида костюм-шим кийиб олиб, халқдан узилган ҳолда қоғозбозликка берилиб, иш юритиш уларга мутлақо бегона.

Мэр хонасида бир томон деворини деярли қоплаб олган катта монитор бор. Ҳоким бутун шаҳардаги ҳақиқий ҳолатни кўчаларга ўрнатилган кузатув камералари орқали кўриб боради. Агар бирор масала юзасидан шаҳарни кўздан кечирмоқчи бўлса, масалан, бир ҳудуддаги қурилиш ишлари қандай кетаётганини билишни истаса, хонасидаги экран орқали яқиндан маълумотга эга бўлади. Бу вақтдан унумли фойдаланишда қўл келади.

Бино тарихи бундай: 1926 йилда унинг ер остидаги тўртта қавати ва ер устидаги бешта қавати бунёд этилган. 2012 йилда эса маъмурият учун янги 18 қаватли бино қурилди. Унинг томларига ўрнатилган қуёш панеллари бинодаги электр энергиясининг 28 фоизини таъминлаб беради. Бинонинг яна бир жиҳати, у кўпгина шаҳар маъмурий идораларига ўхшамайди. Муассасага кираётганингизда бирорта полиция ёки махсус кийимдаги одамларни учратмайсиз. 13 қаватли бинонинг 49 фоизида маъмурият жойлашган. Қолган қисми халқ ихтиёрида. Бу ерда оддий фуқаролар учун қаҳвахона, кўргазма заллари, интернет-кутубхона, мажлис ҳамда маросимлар ўтказиладиган заллар мавжуд.

Кореяликлар тарихга ҳурмат билан ёндашишади. Шу сабабли эски бинонинг айрим қисмларини муҳим тарихий экспонат сифатида қолдиришган. Ўша замонларда иморатни тиклашда қанақа ғишт, металл ишлатилганининг барчасини кўзингиз билан кўришингиз мумкин. Бундан ташқари, шу пайтгача шаҳарга раҳбарлик қилган 31 мэр фойдаланган стол-стуллар, креслолар, имзолаган ҳужжатлар, мажлислардан олинган суратлар — барчаси бир жойга жамланган. Бу ўзига хос замонавийлик ва тарих туташуви сайёҳларни жалб этишда ҳамда даромадга эга бўлишда қўл келаяпти.

Мажмуа “П” шаклида қурилган. Бинонинг бўйи бўйлаб вертикал, яъни пастдан юқорига қараб яратилган боғ “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилган. Бу ерда 65 мингдан ортиқ ўсимликлар ажиб манзара ҳосил қилган. Хуллас, дунёдаги энг катта осма боғ…

Бинодан чиқиб кетаётганимда, мезбонларга ўзимни қизиқтирган бир савол билан мурожаат этдим: “Сеул мэрига одамлар турли муаммолар билан мурожаат қилмоқчи бўлса, қўл остидагилар бирор баҳона ёки сабаб билан қаршилик кўрсатишмайдими?” Саволга жавобдан ҳайратда қолдим. Кореяликларнинг айтишича, аҳолининг муаммоси раҳбарга етиб бормаслиги учун ходимлар ҳар бир масалани ижобий ҳал этиб қўйишар экан. Шунинг учун одамлар бирор муаммо ёки эътироз билан мэрга камдан-кам ҳолда мурожаат қилишаркан. Бироқ бир масалада мэр ҳеч қачон қаршилик кўрсатмас экан. Яъни у билан ким эсдалик учун суратга тушмоқчи бўлса, қўшимчасига мэрдан “селфи” услубда суратга тушиш таклифини олади…

Кореяликлар давлатнинг халқ олдидаги вазифасини яхши билишлари билан бир қаторда, ўзларининг давлат олдидаги бурч ва масъулиятларини ҳам ҳеч қачон унутишмайди. Бу солиқ тўлашда, ён-атрофни озода сақлашда, йўл қоидаларига риоя қилишда яққол намоёндир. Биз бир воқеага жуда кўп гувоҳ бўлдик. Кўча бўм-бўш бўлса-да, одамлар светофорнинг қизил чироғи ёниб турганда йўлдан ўтишмас экан. Ёки яна бир муҳим жиҳат: Сеулда чиқинди соладиган идишлар деярли йўқ. Шунга қарамай, ҳаммаёқ топ-тоза. Бу ҳақда қизиқиб сўраганимизда, сеулликлар чиқиндиларни ён-атрофга ташламай, ўзлари билан олиб кетар экан. Ёки тамаки маҳсулотлари ҳам фақат белгиланган ҳудудларда чекиларкан. Буни биздаги ашаддий кашандалар билиб олсалар, чакки бўлмасди!

Контейнерда 50 хил маҳсулот
Жанубий Кореянинг иқлими кескин континентал — қиши жуда совуқ, ёзи жуда иссиқ ва дим ҳаво бўлади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бир оз мураккаб. Шу боис улар мазкур муаммонинг ечимини инновациялардан қидиришмоқда. Ва муваффақиятларга эришишаяпти. Жумладан, Сеул Шимолида тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқилган стартап фаолияти бир мунча қизиқ. Мутахассислар ўлчами 40 куб метрга тенг учта “ақлли контейнер”да бутун бошли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришаяпти. Уруғлар йогурт қутиси ҳажмидек келадиган идишларда гидропоника усулида ундирилади. Бу ерга кирмоқчи бўлган одам махсус қурилмалар ёрдамида обдан “тозаланади”. Бу ичкаридаги соғлом муҳит учун зарур. Киргач LED лампочкалари ёғдусидан чароғон экин “даласи”дан таралаётган ёқимли ҳид қулфу дилингизни қитиқлайди. Қизиғи, 50 хилдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, сабзавотлар, кўкатлар, полиз маҳсулотлари етиштириладиган махсус контейнердаги барча юмушлар компьютер орқали бошқарилади.

Лойиҳа муаллифларидан бири жаноб Лео Кимдан бундай ихтироларни амалга ошириш асрори ҳақида сўраганимда, унинг жавоби ҳаёт ҳақиқатларига жуда яқин бўлди: “Қийинчилик кишини ўйлашга ва ҳаракат қилишга мажбурлайди”. Мана шу гап бутун кореяликларнинг руҳиятини ва корейс мўъжизасининг яна бир калитини ифода этади, назаримда.
Айни пайтда ушбу инновацион лойиҳа “KOICA” томонидан молиялаштирилаяпти. Маълумотларга кўра, яқин вақт ичида ана шундай “ақлли контейнер”лардан юз донаси юртимизга келтирилади.
Бу юртдошларимизга ҳар қандай об-ҳаво шароитида, исталган вақтда деҳқончилик билан шуғулланиш имконини беради.
Бу биргина Сеулдаги таассуротларимиз. Янги инновацион ғоялар, ноу-хау, креатив ечимларни Корея Республикасининг бошқа шаҳарлари ва бошқа давлатларда ҳам кўрдик. Бу эса алоҳида мавзу…

Шерзодхон ҚУДРАТХЎЖАЕВ,
Халқаро пресс-клуб раиси.

Манба: xs.uz

Did you find apk for android? You can find new Free Android Games and apps.




Ўртоқлашиш:
Добавить комментарий