17/10/2017

Ана холос: Келажакда юзни таниш технологияси паспорт, банк картаси ва пароллар ўрнида ишлатилиши мумкин

Айни пайтда жаҳон бўйлаб биометрик тарзда шахсни аниқлаш технологиялари кучайиб бормоқда. Шулардан бири сифатида юзни таниш технологиясини айтиб ўтиш мумкин.

Ҳозирда Хитойда Alibaba компаниясига тегишли Alipay хизматидан 120 млн нафарга яқин одам фойдаланиб, унда юзни таниш функцияси орқали бир ҳисобдан бошқасига пул ўтказиш қулайлиги кўзда тутилган.

Бундан ташқари, шу йилнинг сентябрь ойида Хитойнинг Ant компанияси KFC тез овқатланиш тармоғи учун юзни таниш орқали тўловни амалга ошириш хизматини жорий қилди. Бу дегани маълум фойдаланувчи смарфон ва ҳамёнини уйда қолдирган ҳолатда ҳам, мазкур ресторанга кириб бемалол овқатланиб кетавериши мумкин. Бундай технологиялар жаҳондаги турли давлатларда фуқаролар шахсини аниқлаш борасида янги усуллар пайдо бўлаётганидан дарак беради.
Юзни таниш технологиялари бугун сунъий онг механизмлари асосида ҳам ишламоқда. Бу эса суратга олиш бурчаги нотўғри танланган тақдирда ҳам мазкур функция яхши ишлашини таъминлайди. Ҳозирда Хитойдаги айрим банклар кредит тақдим қилишда ҳам ушбу функциядан фойдаланишмоқда. Бундан ташқари, юзни таниш ёрдамида йўлкира ҳақини тўлаш тизими ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Ҳатто энг йирик IT-компаниялар ҳам (Apple, Google, Facebook, Amazon) технологияни ривожлантиришга астойдил киришганлар. Жумладан, Apple компанияси ўзининг навбатдаги флагманларига айнан юзни таниш функциясини татбиқ қилди. Қолган глобал йирик IT-компаниялар ҳам бу борада ўз хизматларини таклиф қилишмоқда.

Юзни таниш технологиясининг ижобий хусусиятлари талайгина: жумладан, дўкондан бирор маҳсулот харид қилиш, паспорт, ҳайдовчилик гувоҳномаси, банк картаси сифатида фойдаланиш мумкин. Бироқ, баъзи мутахассисларнинг қайд этишича, бундай технологиялар шахсий дахлсизлик ва махфийликка катта зарба беради ва киши ҳақидаги барча маълумотларнинг бошқаларга ошкор бўлишига сабаб бўлади. Албатта, буларни салбий ҳолат сифатида санаб ўтмаслик мумкин эмас.

Албатта, бундай вазиятда танлов одамларнинг ўзига боғлиқ: қулайлик учун махфийликдан воз кечармидингиз?



Rusbase нашри материаллари асосида тайёрланди.

Made on
Tilda