11/11/2017

Британиялик уйсиз эркак 52 ёшида Кембриж университетига ўқишга кирди

Британияда истиқомат қилувчи уйсиз Жефф Эдвардс 52 ёшида Кембриж университетининг Хьюз Холл коллежига ўқишга қабул қилинди, деб ёзмоқда Cambridge News нашри. У мазкур олий ўқув даргоҳида инглиз адабиётини ўрганади.

Жефф Эдвардснинг айтишича, у ёшилигидан мумтоз адабиётга меҳр боғлаган, бироқ почта идорасида ишлайдиган унинг ота-онаси фарзандига сифатли таълим бериш учун етарли маблағга эга бўлишмаган. Мактабда яхши баҳо ололмагани учун Жефф коллежга киролмаган ва Ливерпулдаги фермага ишга кирган.

Кейинчалик Кембрижга кўчиб ўтиб, у ерда баъзан меҳмонхоналарда, кўп ҳолларда кўчада яшашга мажбур бўлган. Жефф кутубхоналарда китоб мутолаа қилиш билан вақтини ўтказиб келган. У айрим пайтларда таом сотиб олиш учун ҳатто хайрия журналларини сотишда ҳам иштирок этган.

2014 йилда у Кембриж университети қошидаги тайёрлов курсларига қатнаган. У барча кириш имтиҳонларини муваффақиятли топшириб, Хьюз Холл коллежига ўқишга қабул қилинган.
Made on
Tilda