14 iyun 11:27

Блогерларни ким ҳимоя қилади?

Want create site? Find Free WordPress Themes and plugins.

14 июнь — «Халқаро блогерлар куни». Бу Интернет ҳамжамиятининг ўзига хос санаси сифатида нишонлаб келинаётганига ҳали кўп бўлгани йўқ. 2004 йилдан буён анъанавий тарзда кутиб олинади.

Интернетнинг макон ва замон танламаган ҳолда инсонлар ҳаётига кириб келиши айнан тармоқларда блогерлик фаолиятига эҳтиёж сезилди. Яъни блогер ўз фикр-мулоҳазарини, жамиятдаги турли қарашларни, фото-видеоматериалларни мустақил равишда танлайди, изоҳлайди ва тарқатади.

Сир эмаски, Ўзбекистонда ҳам сўнгги йиллар бу йўналиш анча жонланди. Мустақил блогерлар пайдо бўлди ва улар ўз атрофига кўплаб фойдаланувчиларни йиғди, фикрлари билан ўртоқлашди. Ҳатто, Блогерлик чемпионатлари ҳам ўтказиб келинмоқда. Чемпионат мисолида долзарб мавзудаги ўткир танқидий мақолалар, видеомаҳсулотлар ҳамда эътибор қаратилиши лозим бўлган, оқсаб қолган соҳаларни ёритиш орқали юзлаб блогерлар ўз ижод маҳсулини тақдим этди. Албатта, бу Ўзбекистон ОАВ учун кутилмаган ва ёниқ бир ҳодиса рўй берганининг исботи эди. Блогерлик фаолияти тўғрисида гап кетар экан, шу кунларда муҳокамалар қизғин тус олаётган мавзуга алоқадор воқеаларни тилга олмай илож йўқ.

Танқидлар қачон бошланди?

12 июнь санасида Ўзбекистон Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат солиқ қўмитаси мутасаддилари иштирокида «Қўшимча қиймат солиғи ва бошқа янги солиқлар имплементацияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмуни ва моҳияти» мавзусида брифинг ва журналистлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтган.

Мулоқот давомида интернетдаги махсус саҳифалар ва инстаграм, телеграм, фейсбук каби ижтимоий тармоқларда реклама эълонларини жойлаштириш орқали даромад олиш ва бундан солиқ тўланиши шарт ёки шарт эмаслиги ҳақидаги савол берилган.

«Даромад олишга йўналтирилган ҳар қандай фаолият тури тадбиркорлик ҳисобланади. Қандай йўл билан даромад топишингизнинг аҳамияти йўқ. Давлат рўйхатидан ўтишингиз шарт. Агар сиз даромад топиш фаолияти билан шуғулланаётган бўлсангиз, ё якка тартибдаги тадбиркор сифатида ё юридик шахс сифатида албатта давлат рўйхатидан ўтган бўлишингиз керак»,— деб жавоб берган Давлат солиқ қўмитасининг вакилларидан бири.

Шунингдек, блогерларнинг ижтимоий тармоқлардаги каналлар, персонал саҳифаларда реклама жойлаши ва шу йўл билан даромад орттиришига “ноқонуний фаолият” дея таъриф берилган.

Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Айдос Қошанов эса «Тўғри, қонунда блогерлик деган тушунча йўқ. Блогерлик фаолият тури эмас, бунга қонунчиликда таъриф берилмаган. Лекин сиз кимдандир пул олиб, хизмат кўрсатаяпсизку. Бу хизмат кўрсатиш эвазига ҳақ олиш ҳисобланади. Ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ҳолат сифатида қайд этилади. Қонунда блогерлик тушунчаси мавжуд бўлмаса-да, хизмат кўрсатиш деган тушунча бор» — дея фикр билдирган.

Бундан ташқари, Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Аҳмаджон Суюнов эса ижтимоий тармоқда реклама жойлаб пул топаётган блогерлар патент, яъни якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида гувоҳнома олиши кераклигини таъкидлаган.

Агар ижтимоий тармоқларда реклама орқали даромад кўраётган шахс давлатга солиқ тўламаса, ундан техника воситаси (телефон, ноутбук, планшет, компьютер) олиб қўйилиш мумкинлиги айтилди. (Ҳатто, олиб қўйилган ҳам. Бу ҳақда кейинроқ тўхталамиз).

«Кимда-ким ноқонуний равишда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бўлса, биз ундан тадбиркорликни қандай восита орқали амалга ошираётган бўлса, ўша воситасини, жиҳозини олиб қўйишга тўлақонли ҳаққимиз бор. Бу қонун доирасида кафолатланган. Олиб қўйилган жиҳоз 30 кунгача ушлаб турилиши мумкин. Агар ўша шахс ёки блогер 30 кун ичида ПФ-4848 сонли Президент Фармони асосида давлат рўйхатидан ўтса, олиб қўйилган жиҳозлари қайтариб берилади», — деб айган бошқарма бошлиғи Айдос Қошанов.

«Чора кўриш керак. Бойиб кетиб, босар-тусарини билмай қолишяпти булар…»

Хуллас, бу ижтимоий тармоқларда Давлат солиқ қўмитасига нисбатан турли эътирозларни келтириб чиқарди. Масалан, блогер Нурбек Алимов ўз телеграм каналида шундай изоҳ қолдирган:

«Давлат солиқ қўмитасига таклифим бор: Ер ости ўтиш йўлларида, бозорлар олдига беш боғ кўкат, тўқилган пайпоқчалар, эски китоблар қўйиб олиб сотиб ўтирган «бабушкалар»ни солиққа тортиш керак. Улар мўмай даромад ориттириш илинжида солиқдан қочиб юришибди. Бозорда, мактабдан келиб,ойиси пишириб берган «пирожкилар»ни тоғорага солиб сотиб юрган болачаларни ҳам, совуқ чой сотиб юрган қизчаларни ҳам ушлаш керак. Нега солиқни тўламайди? Пул топяптими ахир? Даромад қиляптими? Бу қари кампирлар ва болалар эртага пули кўпайиб кетиб, тўқилган пайпоқ бозори, совуқ чой ва «пирожкилар»ни лоббистлар орқали монополия қилиб олмасликларига кафолат борми? Чора кўриш керак. Бойиб кетиб, босар-тусарини билмай қолишяпти булар…»

Бу каби иҳтеъзоли танқидлар кутилмаган даражада кўпайди. Ижтимоий тармоқларнинг кун мавзусига айланди. Ўзбекистон Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Бош директори Комил Алламжонов “Facebook”даги саҳифасида бу борада ўз фикрларини эълон қилди:

«Менга ижтимоий тармоқлар орқали солиқ идораси ходимлари блогер Азиз Ашурбаевнинг телефони ва унинг «Инстаграм» тармоғидаги саҳифаси олиб қўйгани ҳақида маълумот келиб тушди. Давлат солиқ қўмитасидан ушбу ҳолатни ўрганиб, агарда инспекторнинг хатти-ҳаракати қонунга зид бўлса, чора кўрилиши талаб қилинади.

Ўйлашимча, Давлат солиқ қўмитасининг блогерларни жазога тортишдан кўра муҳимроқ ишлари ҳам бор. Солиқчиларимиз блогерларни солиққа тортиш ёки уларга қарши юқоридагидек зўравонлик қилишдан аввал тизимдаги коррупцияни йўқотиш, хуфиёна иқтисодиётга қарши курашиш каби энг долзарб муаммоларни ҳал этсалар, жамиятга ва иқтисодиётга кўпроқ фойда келтирган бўлар эдилар.

Шуни алоҳида таъкидлашни истар эдимки, юртимиздаги барча журналист ва блогерлар Агентлигимиз ҳимояси остида. Уларга нисбатан ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатга қарши туришга тайёрмиз!»

Давлат солиқ қўмитаси ҳам «жим тургани» йўқ

Турли хил эътирозларга ойдинлик киритиш мақсадида Давлат солиқ қўмитасида қўмита раисинининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев мавзу юзасидан ОАВ иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.720_460_80_3188682458.jpg

«Блогерлик фаолияти билан боғлиқ ассоссиз фикрларни айтган ҳар бир ходимларимизга «ҳайфсан» эълон қилинди. Аммо бу гапни мен айтмаган эдим. Нега менинг расмим қўйилган ҳолда бу хабарлар тарқатилди? Ҳар бир гапнинг асоси бўлиши керак», — деди Мубин Мирзаев.

Энди телефони олиб қўйилган йигитга келсак. Азиз Ашурбаев Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилади. Иккита олийгоҳни тугатган бу йигитнинг ўзи ҳам йиғилишда иштирок этди. У бир қанча вақтдан буён блогерлик билан шуғулланиб келади. Азиз ўз блогерлик саҳифасида реклама эълон қилади ва шундан даромад олади.

Азиз Ашурбаевнинг айтишича, 8 июнь куни «Инстаграм»даги 300 минглик аудиторияси бўлган каналида реклама жойлаштириш бўйича учрашувга бориб, реклама учун 400 минг сўмни олган вақтида бегона шахслар етиб келишган, улар ўзларини солиқчилар сифатида таништириб, телефонини олиб қўйишган, «Инстаграм»даги саҳифаси паролларини ўзгартириб, бошқа ижтимоий тармоқдаги ёзишмаларини ҳам кузатишган.

«Сизга ҳозирнинг ўзида телефонингиз қайтариб берилади. Блогерлик фаолиятингизга ҳеч қандай чекловимиз йўқ. Бемалол ишингизни давом эттиринг, фақат реклама жойлайдиган бўлсангиз, марҳамат, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтинг. Келгусида тадбиркорлик фаолиятини бошлайдиган бўлсангиз, албатта, кредит олишингизга кўмак берамиз», — деди Мубин Мирзаев.

Наргиза ЮНУСОВА,

Human.uz ахборот портали мухбири

Did you find apk for android? You can find new Free Android Games and apps.




Ўртоқлашиш:
Добавить комментарий