12 iyun 18:17

Беҳзод Ҳошимов: камида 20-30% ўқувчи хусусий мактабда ўқимагунича, таълим тизимидаги муаммолар ечилмайд

Want create site? Find Free WordPress Themes and plugins.

Ёшига етмаган ва бириктирилган микроучасткада яшамайдиган болани мактабга жойлаш пуллик бўлгани кўплаб мулоҳазалар, шов-шувларга сабаб бўлди. Билдирилган мулоҳазаларнинг ичида энг диққатга сазовори, фикримизча, ёш иқтисодчи олим Беҳзод Ҳошимовга тегишли.

Беҳзод Ҳошимов, биринчи навбатда, таълим тизимига пул етишмаётганлигига эътибор қаратади.

 

“Ўзбекистон Сингапурдан кўп пул сарфлайди”

Ҳа, Ўзбекистоннинг ЯИМдан 33% (2015 йил) фоизини давлат ишлатади, яъни рақамларга кўра биз Сингапурдан (16% – 2015) икки баробар кўп пулни “жамоатчилик” ёки давлат харажатларига ишлатамиз. Масалан ҳатто биз севадиган, Жанубий Кореяда ҳам атиги 22% (2015) ЯИМни давлат ишлатади.

Ўзбекистон кўпроқ Финландия, Норвегия ёки бошқа шимолий Европанинг бой мамлакатлари каби пул сарф қилади. Аслида бюджетдан пулни кўп сарф қилиш – бу бойларнинг хусусияти, лекин бойликнинг сабаби эмас. Яъни агар бир бой танишингиз даромадининг 30 фоизини операга бориш учун сарф қилса, бу дегани сиз ҳам шундай қилсангиз бойиб кетасиз дегани эмас, аксинча у бойлиги учун сарф қила олади холос. Хуллас биз ўзимизнинг даромадимиз учун жуда кўп маблағни “ижтимоий” ва бошқа харажатлар учун ишлатамиз ва камроқ қисми одамларнинг қўлида қолади.

Бой танишингиз даромадининг 30%ни операга бориш учун сарф қилса, бу дегани сиз ҳам шундай қилсангиз бойиб кетасиз дегани эмас.

 

Таълимга пул нега етишмайди?

Ҳаддан ташқари кўп ишлатиш билан, нега бизда таълим тизимида пул етишмайди? Сабаби оддий, чунки биз таълимдан бошқа нарсаларга ҳам (жуда кўп) харажат қиламиз. Лекин агар биз бошқа нарсаларга ишлатишни тўхтатиб, монополистларимиздан воз кечиб, давлат берадиган субсидиялар ва миллион хил имтиёзлардан (имтиёзли кредит ва ҳ.к.) воз кечиб, ҳамма пулни таълимга йўналтирсак етадими? Йўқ. Етмайди.

Чунки бизда ёшлар жуда кўп. Пул топадиган ва солиқ тўлайдиганлар эса ҳаддан ташқари кам ва, энг асосийси, даромадларимиз паст. Таълим учун эса пул ҳозир керак. Шунинг учун, давлат қиладиган бир йўллардан бири – иложи борича таълим тизимини хусусийлаштириш.

Бизда ёшлар жуда кўпПул топадиган ва солиқ тўлайдиганлар эса ҳаддан ташқари кам.

 

Хусусий мактаблар нима беради?

Биринчидан рақобат кучаяди. Иккинчидан, киши бошига ҳисоблаганда, давлат мактабларидаги ўқувчиларга кўпроқ пул қолади. Учинчидан, ўша хусусий муассасалар ҳам солиқ тўлаб, бизни бойитишади. Рақобат туфайли, ўқитувчиларнинг ойликлари ошади, таълим сифати яхшиланади ва ҳ.к.

Ҳозир хусусий таълим бизда деярли мавжуд эмас, яъни 5% дан кам ўқувчилар хусусий муассасаларда таҳсил олишади. Асосий сабаб: бизда муассасалар фақат “нон-профит” яъни даромад олиши тақиқланган. Мактаб қурилишини ва очилишини рағбатлантиришнинг бирдан бир йўли – тадбиркор мактаб очганидан сўнг даромад олишини таъминлаш.

Қанчалик даромад олиш қийин бўлса, мактаблар шунчалик кам бўлади. Инвестор, пул тикишидан олдин, қонунга зид ҳаракат қилишни ўйлаши эҳтимоли пастроқ. Иккинчи масала – хусусий мактаблар регуляцияси. Яъни, бизда нима ўтиш керак, қандай ўтиш керак, қандай дарсликлар ишлатилиши керак ва ҳ.к.ларнинг нуқта-вергулигача давлат айтади. Бир хусусий мактабда бошқа бир китоб билан дарс ўтиб кўрсангиз, давлат ёки жарима қилади, ёки лицензияни олади, яъни таълимдаги регуляция – бу, албатта, ёмон иш, у рақобатни ҳам заифлаштиради.

Хусусий таълим кенгайса, давлат таълим муассасаларининг сифати ошиши турган гап.

 

Қўшимча квота пуллик бўлиши – Конституцияга зидми?

Лекин, киритилаётган янгиликлар конституцияга зид деган гапга албатта қўшилмайман. Давлат таълимни таъминлаши шарт, лекин ҳаммага хоҳлаган сифатидаги таълимни таъминлай олмаслиги табиий.

Яъни, яхши мактабларга қандайдир кўринишда саралаш барибир керак. Давлат буни пул билан саралаш қилиш деган фикр қилибди, бу саралашнинг бир йўли. Албатта дискрет рақамдан кўра аукцион бўлгани яхшироқ. Саралашнинг бошқа йўли бу имтиҳон қилиш, лекин имтиҳон туфайли бир мактабда ҳамма яхши ўқимаганлар йиғилиб қолиши мумкин. Қолаверса, имтиҳон қилиш билан пул олиш, қандайдир маънода бир хил нарса. Масалан Ҳеcкманнинг тадқиқотлари шуни кўрсатадики, бола жуда ёш пайтида, 3-6 ёшгача қилинган ҳаракатлар ақл шаклланиши учун жуда муҳим. Яъни агар имтиҳон қилинса ҳам, бойларнинг болалари, камбағал одамларнинг болаларидан кўра яхшироқ имтиҳон топшириши деярли турган гап (агар бойлар 3-6 ёшдаги болаларига ўқитувчилар олиб бериб шуғулантирсалар).

Имтиҳон қилиш билан пул олиш, қандайдир маънода, бир хил нарса.

Шунинг учун “ҳамма хоҳлаган” мактаблардаги ўринларни қандай адолатли тақсимлаш ҳақида менда фикр йўқ. Чунки қандай сараламайлик, пули борлар пули йўқлардан кўра устунроқ бўлиб қоляпти. Асосий гап, албатта, хусусий мактабларга бойлар кетиб қолса, қолганлар учун давлат мактабларини сифатини бирдек ошишида.

Лекин ҳозирги қарорлар бўйича бир фикр айтиш қийин. Сиз болаларингиз қандай мактабда бўлишини хоҳлар эдингиз? Бойлар ва камбағаллар аралаш ўқийдиган, лекин ҳаммани ақл даражаси ҳар хилми? Ёки ҳаммани ақл даражаси бир хилми? Менимча, ҳамманинг ақл даражаси (ёки бойлик даражаси) бир хил мактаб – бу ёмон мактаб.

Манба: Ишбилармон нашри.

Did you find apk for android? You can find new Free Android Games and apps.




Ўртоқлашиш:
Добавить комментарий