27/08/2017

Билими зўр мингни йиқар: АҚШ компанияси Whatsapp, Telegram ва бошқа мессенжерларда топилган заиф нуқталар учун 500 минг доллар тўлайди

Дастурий таъминотлардаги заиф нуқталар ҳақидаги ахборотларни сотиш билан шуғулланадиган АҚШнинг Zerodium компанияси ўз сайтида мукофот пули тўланадиган эксплойтлар рўйхатини янгилади, деб ёзмоқда VC нашри. Эндиликда у iMessage, Telegram, WhatsApp, Signal, Facebook Messenger, Viber ва WeChat мессенжерларида аниқланган заифликлар учун йирик миқдорда (500 минг доллар) маблағ тўлашга тайёр.

Ҳозирча ушбу нарх Zerodium томонидан таклиф этилаётган энг йирик нархлардан бири ҳисобланади. Компания бундан ташқари фақат iOS тизимини масофадан бузиб кириш учун кўпроқ маблағ сарфлашни кўзда тутган (1,5 млн долларгача).

Шу билан бирга, у дастур ва браузерлардаги эксплойтлар учун тўланадиган маблағни ҳам оширган, жумладан, Google Chrome`да топилган заиф нуқта учун 150 минг доллар, Windows 10 тизимини бузиб кириш учун 300 минг доллар ваъда қилинмоқда.

Ҳозирча қўлга киритилган дастур эксплойтларини Zerodium кимларга ёки қайси ташкилотларга сотиши маълум эмас. Motherboard нашрининг 2015 йилда ёзган хабарига кўра, компания бир қатор махфий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиши қайд этилган.
Made on
Tilda