13/09/2017

Apple компанияси iPhone 8 ва 8 Plus смартфонларини намойиш қилди

Кеча, 12 сентябрь куни АҚШнинг Apple компанияси ўзининг навбатдаги флагманлари - iPhone 8 ва 8 Plus смартфонларини бутун дунёга тақдим қилди. Энг қизиғи шундаки, мазкур смартфонлар дизайн борасида ўтган йили чиқарилган iPhone 7 ва 7 Plus билан деярли бир хил. Бироқ бу гал "Олма" янги қурилмаларнинг техник кўрсаткичларини бир қадар такомиллаштирган.

Қандай янгиликлар мавжуд:

Янги айфонларнинг орқа корпуси шишадан ишланган, қолган жиҳатлари iPhone 7 ва 7 Plus дизайнини такрорлайди. Янги моделлар Qi технологияси бўйича симсиз зарядлана олади.

iPhone 8 экрани 4,7 дюйм, iPhone 8 Plus эса 5,5 дйюмли дисплей билан жиҳозланган. Экранга фойдаланувчи атрофидаги муҳитга қараб рангларни мослайдиган True Tone функцияси қўлланган.
Ҳар икки модель олти ядроли A11 Bionic процессорида ишлайди. Уларга Apple томонидан илк маротаба ишлаб чиқарилган график чип ҳам ўрнатилган.

iPhone 8 битта 12 Мпли сенсор, iPhone 8 Plus эса иккита 12 Мпли сенсор билан жиҳозланган, камералар тўлдирилган реаллик технологиясига эга бўлиб, 4К форматда видео ёзиши мумкин.

Янги айфонлар қора, кумуш ва олтин рангларида 22 сентябрдан бошлаб сотувга чиқади. iOS 11 операцион тизими 19 сентябрда тақдим этилиши кутилмоқда.
Нарх

64 ГБ доимий хотирага эга iPhone 8 модели 699 доллар, худди шундай хотирали iPhone 8 Plus эса 799 доллардан расталарга чиқарилади.

256 ГБ доимий хотирага эга версиянинг нархи ҳозирча номаълум, аммо юқоридаги нархлардан қимматроқ бўлиши ойдай равшан.
Made on
Tilda