13/09/2017

Кутилган дизайндаги смартфон: Apple iPhone X қандай инновациялар билан бойитилган

Гарчи Apple компанияси ўтган йилги айфонлар дизайнидан iPhone 8 ва iPhone 8 Plus моделларини тақдим қилиб, кўпчиликнинг ҳафсаласини пир қилган бўлса-да, у мазкур кайфиятни батамом янги, ўзгача кўринишдаги смартфони билан тарқатиб юборишга интилмоқда.

Apple, кеча АҚШда бўлиб ўтган янги қурилмалари тақдимотида, компаниянинг уй тугмасидан холи бўлган биринчи смартфони - iPhone X моделини ҳам намойиш этди.

Нима янгиликлар

iPhone X моделида уй тугмаси йўқ, экран олд панелнинг деярли бутун қисмини эгаллайди, панелнинг юқори қисмида динамик, олд камера ва бошқа сенсорларга мўлжалланган "оролча" мавжуд. Экран катталиги 5,8 дюйм бўлиб (2436 х 1125 пиксель), OLED технологияси асосида ишланган.

Телефон қирралари пўлатдан, орқа қисми шишадан тайёрланган. Қурилмани симсиз зарядлаш мумкин. Қурилмани экранга тегиш билан "уйғотиш" мумкин. Уй тугмаси вазифасини юқори свайп бажаради.

iPhone X моделида бармоқ изи сканери мавжуд эмас, унинг ўрнига юзни таниш функцияси мавжуд. Энг қизиғи, мазкур функциядан ҳатто тўловларни амалга ошириш вақтида идентификация сифатида ҳам фойдаланиш мумкин.

Қурилмага иккита 12 МПли сенсор ўрнатилган. Олд камера аниқлиги 7 Мп. Сув ва чангдан IP68 стандарти бўйича ҳимояланган.
Юзни ифодаларини кузатиш технологияси анимацияланган эможилар яратишга имконият беради. Модель кулранг ва кумушранг версияларда сотувга чиқади.

Нарх

iPhone X смартфони 27 октябрдан бошлаб 999 доллар нархида расталарда пайдо бўлади. У ҳам 64 ва 256 ГБли доимий хотирага эга версияларда тақдим қилинади.
Made on
Tilda