5 iyul 12:44

Ўзбекистонни ўзгартирувчи ўнта тренд. Биринчи қисм: қишлоқ хўжалиги

Want create site? Find Free WordPress Themes and plugins.

Бутун дунё бўйича турли тармоқларда профессионал фаолият олиб бораётган етакчи мутахассислар билан биргаликда 2035 йилгача Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси концепцияси устида ишлаш давомида мен глобал чақириқлар ва уларни акс эттиришда технологик янгиликлар роли масаласи билан қизиқдим.

Тегишли адабиётни ўргандим, малакали мутахассислар билан суҳбатлашдим, натижада менда мамлакатимизда муваффақиятли жорий этиш мумкин бўлган истиқболли технологиялар юзасидан муайян тасаввур шаклланди.

10 та мақоладан иборат туркумда Ўзбекистоннинг ижтимоий ҳаёт тарзи ва иқтисодиётига таъсир этадиган, янги иш жойларини яратишга ҳамда шаҳарлар ва минтақалар инфратузилмасини ўзгартиришга қодир, шаклланаётган трендлар тўғрисида сўз юритамиз. Ушбу трендлар мавжуд ижтимоий-иқтисодий вазифаларнинг муайян қисми ечимига айланади ва мамлакатимиз аҳолиси учун янги чақириқларни шакллантиради.

 

Биринчи мақола. Қишлоқ хўжалигидаги трендлар

Дронлар – қишлоқ хўжалигида

Ўзбекистонда учиш дронлари тақиқланганлиги ва улардан фойдаланганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилганлигига қарамай, қишлоқ хўжалиги келажаги дронлар ва учувчисиз бошқарув тизимлари билан белгиланади.

Ўзбекистоннинг ўсиб бораётган аҳолиси (2035 йилга бориб – 42,5 млн киши) тобора кўпроқ озиқ-овқат талаб қилмоқда. Мамлакат иқтисодий сиёсатида иқтисодий ривожланиш омили ўлароқ, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш кўриб чиқилмоқда. Ўз навбатида, дунё бозорлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатига тобора янги ва янги талаблар қўймоқда.

Бинобарин, ўрта муддатли ва узоқ муддатли истиқболда қишлоқ хўжалигида учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш ривожланиш учун истиқболли йўналиш ҳисобланади.

 

Технологиялар ривожланиши ва жорий этилишининг ҳозирги босқичида дронлар ишлов бериладиган ерлар хариталарини электрон шаклда тузиши ва янгилаши, қишлоқ хўжалиги ерлари ҳисобга олинишини юритиши, экиладиган экинлар ҳолатини тезкор мониторинг қилиши, экинларни ва ҳосилни қўриқлаш ва ҳ.к. вазифаларни бажариши мумкин.

 

Яқин ўн йилликда биз қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш босқичларини, сунъий интеллектни режалаштиришда ва назорат қилишда дронлардан кенг фойдаланиш гувоҳига айланамиз, уларнинг мустақил равишда бошқарилиши фермерлар учун экин майдонларидан энг муҳим маълумотлар олиш имконини беради. Фермер онлайн режимда ҳосилнинг ҳолати тўғрисида, ҳимоя моддалари билан ишлов бериладиган дала участкалари юзасидан маълумотлар олади, бу кимёвий препаратларни тежаш ва атроф-муҳитни ҳимоялаш имконини беради.

Сунъий интеллект ва ихтисослаштирилган алгоритмлар қишлоқ хўжалиги ерлари улкан майдонларида чала экилган ва ортиқча экилган участкалар ҳажмини, масофасини, ресурсларга бўлган эҳтиёжларни ҳисоблаб чиқиш имконини беради. Дронлар ёрдамида экинлар экилган майдоннинг исталган нуқтасига қисқа вақт оралиғида сув, ўғит ёки пестицидлар етказиб берилади. Агар одамга экинлар экилган муайян ерга ишлов бериш учун суткалар талаб қилинса, келажак дронлари буни 3-4 соат ичида уддалайди.

Бундан ташқари, ҳосилни мониторинг қилишда фермерларга далаларни айланиб чиқиш учун ёнилғи сарфлаш керак бўлмайди. Махсус дастурий таъминот ва экинзорларнинг юқори тиниқ суратлари ёрдамида сунъий интеллект ниҳоятда қисқа муддатларда вазиятни таҳлил қилиш мумкин.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида мустақил равишда бошқариладиган учувчисиз тизимларнинг жорий этилиши ишлаб чиқариш самарадорлигини ва экинлар парваришланишини янги даражага кўтариш имконини беради, у билан бирга қўлланиладиган янги технологиялар эса қишлоқ хўжалигига жалб қилинган инсон капитали сифатига талабларни тубдан ўзгартиради. Яқин келгусида фермерлардан нафақат агрономия ва чорвачилик соҳасида, балки инновацион технологиялар ва биотехнологиялар соҳасида ҳам билимлар талаб қилинади.

Ушбу технология ривожланиши туфайли келгусида ўзбекистонлик фермерлар далаларда тобора камроқ ва офисларда тобора кўпроқ вақт ўтказадилар.

 

Жаҳон тажрибаси

Дунёда қишлоқ хўжалиги учувчисиз учиш аппаратлари учун дастурий таъминот яратиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда, масалан, Калифорния университетида RAPID автоматлаштирилган тизими – ирригацион тизим, пуркагичлар ва экинлар суғорилишига эҳтиёжларни баҳолаш имконини берадиган учувчисиз учиш аппаратларидан иборат мажмуа ишлаб чиқилмоқда.

2019 йилда Янги Зеландия фермерлари подаларни ўтлатиш учун DJI Mavic 2 Enterprise учувчисиз учиш аппаратини ишга туширдилар: аппаратга борт радиокарнайи ўрнатилган бўлиб, ундан керакли пайтларда ит вовуллаши эшиттирилади. Дронлар молларга қўшимча стресс туғдирмаган ҳолда уларни бир жойдан бошқа жойга ҳайдаб ўтади.

 

Прогнозлар

Агар 2016 йилда PWC таҳлилчилари қишлоқ хўжалигида дронлардан фойдаланиш бозорининг потенциал ҳажмини $32,4 млрд миқдорда баҳолаган бўлсалар, Bank of America Merill Lynch 2018 йилга келиб дунёда тижорат учувчисиз учиш аппаратлари бозори даромадларининг тахминан 80 фоизини қишлоқ хўжалиги таъминлаганлигини айтмоқда. Биргина АҚШда ушбу тармоқдаги иқтисодий фаоллик потенциал ҳажми 2015 йилдан 2025 йилгача $82 млрд миқдорда баҳоланмоқда.

Markets and Markets тадқиқотчилари фикрича, қишлоқ хўжалиги учувчисиз учиш аппаратлари бозорининг потенциал ўсиши 2022 йилга қадар йилига ўртача 30%ни ташкил этади.

Goldman Sachs мутахассисларининг жорий йилдаги прогнозларига кўра, АҚШда яқин 5 йил ичида қишлоқ хўжалиги тармоғи фуқаролик учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш ҳажми бўйича дунёда иккинчи тармоққа айланади. IDTechEx таҳлилчилари фикрича, дунё қишлоқ хўжалиги учувчисиз учиш аппаратлари учун асосий бозорга айланади ва бозор ҳажми 2026 йилга келиб $460 млн.ни ташкил этади.

 

Истиқбол

Қишлоқ хўжалиги роботлари ва “ақлли тизимлар” аста-секин қуёш ва шамол энергиясига ўтади, сунъий интеллект, ёндош тармоқлар ривожланишини рағбатлантирган ҳолда, тобора кўпроқ вазифаларни ўзига олади. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тармоғи жадал ривожланиши билан бирга, экология масалалари устувор аҳамиятга эга – зарарли ўғитлар ва ишлаб чиқариш технологиялари аста-секин атроф-муҳит учун хавфсиз турларига алмаштирилиши керак.

Юқорида қайд этилган инновациялар Ўзбекистон агросаноат мажмуида иш жойлари қисқаришига олиб келиши эҳтимоли катта. Бироқ, шу билан бирга, ушбу саноатда янги юқори технологик касблар пайдо бўлишига ёрдам беради.

Булар айнан қандай касблар экани ҳақида эса, қуйида сўз боради.

 

Келажак касблари

Автоматлаштирилган қишлоқ хўжалиги техникаси оператори

Ушбу касб 2020 йилгача пайдо бўлади.

Фермада автоматлаштирилган техника: датчиклар тизимлари, учувчисиз учиш аппаратлари ва агроботларни бошқарувчи мутахассис.

 

Агроном-иқтисодчи

Ушбу касб 2020 йилгача пайдо бўлади.

Ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг рақобатбардошлигини ва қишлоқ хўжалиги компанияси фаолиятининг иқтисодий самарадорлигини таъминлаш бўйича юқори малакали мутахассис, корхона фаолиятини бозор талаб ва эҳтиёжига мослаб йўналтиради. Шунингдек, корхонанинг иқтисодий таваккалчиликлари бошқаруви учун жавобгар бўлади. Ҳозирда бундай мутахассислар бир қатор олий ўқув муассасаларида тайёрланмоқда, бироқ уларга бўлган эҳтиёж меҳнат бозоридаги таклифдан юқоридир.

 

ГМО-агроном

Ушбу касб 2020 йилдан сўнг пайдо бўлади.

Қишлоқ хўжалигида ген-модификацияланган маҳсулотлардан фойдаланиш бўйича мутахассис; биотехнологик ютуқларни татбиқ қилиш ва белгиланган хоссаларга эга маҳсулотларни олиш билан шуғулланади. Ушбу мавзу атрофидаги жамоатчилик баҳс-мунозараларига қарамай, аксарият олимлар ген-модификацияланган организмлар (ГМО) хавфсизлиги тўғрисидаги фикрга асосланадилар. Шу туфайли улардан фойдаланиш мунтазам равишда ўсиб бормоқда: 2013 йилда дунёда экин майдонларининг 11 фоизидан кўпроғи ген-модификацияланган экинлар билан банд, АҚШда эса 91% соя, 88% пахта ва 85% маккажўхори генетик модификацияланган. Россияда 2014 йил 01 июлдан ГМ-уруғликларни рўйхатдан ўтказиш жараёни бошланган, ген-модификацияланган соянинг биринчи ҳосили эса 2016-2017 йилларда йиғиштириб олинган. Шундай қилиб, ушбу касбга талаб ошиши аниқ.

 

Агроинформатик/агрокибернетик

Ушбу касб 2020 йилгача пайдо бўлади.

Янги технологияларни жорий этиш бўйича юқори малакали мутахассис, қишлоқ хўжалиги корхоналарини ахборотлаштириш ва автоматлаштириш билан шуғулланади.

 

Сити-фермер

Ушбу касб 2020 йилгача пайдо бўлади.

Йирик шаҳарлар осмонўпар иморатларида ва бинолар томларида агросаноат хўжаликларини жиҳозлаш ва уларга хизмат кўрсатиш мутахассиси. Вертикал фермалар – шаҳар чегарасида ўсимликларни етиштириш ва ҳайвонларни боқиб кўпайтириш имконини берадиган мустақил ва экологик иншоотлар – яқин келажак кун тартиби. Биринчи тижорат вертикал ферма 2012 йилда Сингапурда пайдо бўлган, ҳозирги вақтда эса Жанубий Корея, Хитой, БАА, АҚШ, Франция ва бошқа мамлакатларда осмонўпар агросаноат хўжаликларини ташкил қилиш режалаштирилмоқда.

Навбатдаги мақолада биз келажак тиббиёти тўғрисида сўз юритамиз.

Баҳром Исмоилов, 
«Буюк келажак» экспертлари кенгашининг 
ижрочи директори

Did you find apk for android? You can find new Free Android Games and apps.




Ўртоқлашиш:
Добавить комментарий